Саид Ал-Ҳасаний: Ўзбекистон – Кўрфаз Араб давлатлари ва Марказий Осиё ўртасидаги кўприк
Яқинда пойтахтимизда Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (КАДҲК) таҳлилий марказлари форуми бўлиб ўтди. “Ўзгарувчан минтақавий тартиб шароитида Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз давлатлари ҳамкорлигининг долзарб масалалари” мавзусидаги мазкур иккинчи йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Саудия Арабистони “Gulf Research Center” тадқиқот маркази томонидан ташкил этилди.
Конференцияда Марказий Осиё, Озарбайжон ва Кўрфаз давлатлари етакчи илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, дипломатлар ва экспертлар иштирок этди.
ЎзА мухбири анжуманнинг аҳамияти, таҳлил марказлари ҳамкорлиги, шунингдек истиқболдаги режалар хусусида Ўмон Султонлиги Маслаҳат Кенгаши аъзоси Али Халфон Саид Ал-Ҳасаний билан қисқа суҳбат уюштирди.
– Кўрфаз ва Марказий Осиё мамлакатлари таҳлил марказларининг минтақалараро ҳамкорлик бўйича янада барқарор институционал асос шакллантиришдаги аҳамиятини қандай баҳолайсиз?
– Бугунги кунда Кўрфаз ва Марказий Осиё мамлакатлари таҳлил марказлари фаолияти минтақалараро ҳамкорликнинг барқарор институционал архитектурасини шакллантириш воситаси сифатида тубдан янги аҳамият касб этмоқда. Аслида, гап шунчаки экспертлар даражасида фикр алмашиш ҳақида эмас, балки икки минтақа стратегик шериклигининг интеллектуал инфратузилмасини шакллантириш ҳақида кетмоқда.
Биринчидан, таҳлил марказлари шериклиги Эрон ва Афғонистон атрофидаги вазият таъсири ва глобал логистика йўналишлари трансформациясини ўз ичига олган асосий хавфсизлик таҳдидини идрок этиш имконини беради. Замонавий шароитда иқтисодий ўзаро боғлиқлик минтақавий барқарорлик масаласи билан чамбарчас боғланиб, айнан эксперт платформалари айни масалага узоқ муддатли ёндашувларни келишиш механизмига айланмоқда.
Иккинчидан, тадқиқот тузилмалари ўртасидаги мунтазам мулоқот сиёсий баёнотдан амалий ташаббусга ўтиш учун замин яратади. Хусусан, минтақалар ҳамкорлигининг доимий мувофиқлаштирувчи механизми, жумладан хавфсизлик, инвестиция ва транспорт занжири масалалари бўйича ихтисослашган форматлар яратиш мавзуси муҳокама қилинмоқда. Бундай ташаббуслар экспертлар даражасидаги ҳамкорликни “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” – КАДҲК форматини тизимлаштиришнинг таянч воситасига айлантиришга қодир.
Учинчидан, қўшма тадқиқотлар ҳукуматлар учун энергетика, инфратузилма, озиқ-овқат хавфсизлиги ва гуманитар шерикликни ривожлантириш бўйича келишилган тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради. Бу айниқса ҳар икки минтақа транзит йўналишлари беқарорлигидан тортиб, геоиқтисодий рақобат кучайишигача бўлган умумий хатарларга дуч келаётган шароитда муҳим аҳамиятга эга.
Ниҳоят, Ўзбекистон таҳлил тузилмаларининг бу жараёндаги иштироки тизимни шакллантирувчи вазифасини ўтайди. Айнан Ўзбекистон бугунги кунда минтақалар ўртасида эксперт мулоқотини тизимга солиш, узоқ муддатли шерикликнинг барқарор асосини босқичма-босқич шакллантираётган мунтазам таҳлилий форумлар форматини илгари суришнинг асосий ташаббускори сифатида майдонга чиқмоқда.
Шу тариқа таҳлилий марказлар шериклиги стратегик ишончни шакллантириш ва минтақалараро ҳамкорликнинг келишилган кун тартибини ишлаб чиқишнинг энг муҳим механизмига айланмоқда.
– Маълумки, бугунги кунда Кўрфаз мамлакатлари ўз ташқи иқтисодий-сиёсий стратегиясини фаол қайта кўриб чиқмоқда. Мазкур кенг кўламли трансформациянинг бир қисми сифатида Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш нечоғли аҳамиятга эга?
– Кўрфаз мамлакатларининг Марказий Осиё билан ҳамкорлиги фаоллашуви ташқи сиёсатнинг бир марталик кўриниши эмас, балки кейинги ривожланиш моделига ўтиш билан боғлиқ ташқи иқтисодий стратегиянинг, кенг кўламли трансформация жараёнининг бир қисмидир.
Аввало, КАДҲК давлатлари Саудия Арабистонида “Vision-2030” ва БААда “We the UAE-2031” каби иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича кенг кўламли миллий дастурлар амалга оширмоқда. Бундай шароитда инвестиция киритишнинг янги йўналишларини излаш объектив заруратга айланмоқда. Зеро, минтақа мамлакатларида ялпи ички маҳсулотнинг 40-50, экспорт тушумининг 70 фоизгача қисми ҳануз нефть-газ секторига боғлиқ.
Марказий Осиё бу борада узоқ муддатли капитални жойлаштириш учун истиқболли йўналиш сифатида кўрилади. Минтақа йиллик 4-6 фоиз даражасидаги барқарор иқтисодий ўсиш суръати билан 550-600 миллиард доллардан ортиқ ЯИМ, 80 миллиондан зиёд аҳолига эга. Айни кўрсаткич Кўрфаз мамлакатлари сармоявий иштирокини кенгайтириш учун жозибадор асосни шакллантирган.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг 85 фоизини импорт қиладиган КАДҲК давлатлари учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ўта долзарб масала. Шу боис минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш баробарида Марказий Осиё аграр секторига сармоя киритиш орқали таъминот занжирини назорат қилишга ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Кўрфаз давлатлари 2030 йилгача қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш лойиҳаларига 150 миллиард доллардан кўп сармоя киритишни режалаштирган. Бу маблағнинг салмоқли қисми Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонга йўналтирилиши мумкин.
Бундан ташқари геосиёсий ноаниқлик кучайиб бораётган шароитда КАДҲК мамлакатлари инвестиция оқимини диверсификация қилишга интиляпти. Аввал минтақада хорижий инвестициянинг қарийб 60 фоизи АҚШ ва Европа ҳиссасига тўғри келган. Бугунги кунда эса қизиқиш аста-секин ривожланаётган минтақалар, жумладан Марказий Осиёга қараб силжиётгани кузатилмоқда.
Яъни, Марказий Осиё билан ҳамкорлик Кўрфаз мамлакатлари янги ташқи иқтисодий географиясини шакллантиришда муҳим ҳудудга айланмоқда.
– Ўзбекистоннинг минтақалар аро транспорт ва иқтисодий боғлиқликни ривожлантиришдаги салоҳияти ҳамда Кўрфаз мамлакатлари инвестиция доираларининг Марказий Осиё билан ҳамкорликка қизиқиши ортишига таъсирини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон бугунги кунда Марказий Осиё ва Кўрфаз мамлакатлари ўртасида транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликнинг янги архитектурасини шакллантиришда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Мамлакатнинг аҳамияти географик, иқтисодий ва институционал омилларнинг бирикмаси билан белгиланади.
Аввало, Ўзбекистон минтақалар ўртасида муқобил транспорт йўналишларини ривожлантиришнинг асосий ташаббускорларидан бири сифатида майдонга чиқмоқда. Бу борада Марказий Осиёнинг Ҳинд океани портларига энг қисқа йўл билан чиқишини таъминлаш, юк етказиб бериш муддатини сезиларли даражада қисқартиришга қодир Трансафғон транспорт йўлаги лойиҳасини илгари суриш алоҳида аҳамиятга эга.
Бундай йўналишларни ривожлантириш денгиз ташуви нархи ошиши ва Ҳурмуз бўғози орқали ўтадиган анъанавий логистика йўналиши беқарорлиги фонида айниқса долзарб. Шу боис юк ташиш нархи 80 фоизгача қимматлашиши ва суғурта харажати икки баробар ортиши шароитида Кўрфаз мамлакатларининг Марказий Осиё орқали муқобил транспорт алоқаларини шакллантиришга қизиқиши ортмоқда.
Қолаверса, Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсиш суръати ва давлат бошқаруви тизимининг изчил модернизацияси туфайли Кўрфаз мамлакатлари сармояси учун энг жозибадор йўналишлардан бирига айланмоқда. Халқаро молия институтлари баҳосига кўра, яқин йилларда мамлакат иқтисодиёти ўсиши 6,7-6,8 фоиз атрофида сақланиб қолади.
Энергетика соҳасида “Masdar” ва “ACWA Power” компанияларининг қайта тикланувчи энергетика лойиҳаларини амалга оширишдаги иштироки муҳим омил бўлиб, бу узоқ муддатли технологик шериклик учун замин яратди.
Таъкидлаш жоиз, КАДҲК мамлакатлари билан транспорт боғлиқлиги ва инвестиция ҳамкорлигикенгайиши кўп жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни Евросиёнинг муҳим логистика ва инвестиция марказига айлантиришга қаратилган изчил ташқи иқтисодий стратегияси билан боғлиқ.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон аста-секин минтақалараро ҳамкорликнинг асосий транзит ва инвестиция марказига айланмоқда.
– Сизнингча, ўзгарувчан минтақавий тартиб шароитида Кўрфаз ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида стратегик, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришда Ўзбекистон қандай роль ўйнаши мумкин?
– Минтақавий тартиб трансформацияси шароитида Ўзбекистоннинг Кўрфаз ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигини ривожлантиришдаги роли тизимни шакллантирувчи хусусиятга эга.
Аввало, мамлакат минтақалараро мулоқотни институционализация қилишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида майдонга чиқмоқда. Мунтазам таҳлилий форумлар ўтказилиши, “Марказий Осиё – КАДҲК” формати илгари сурилиши ва тузилма Озарбайжон ҳисобига кенгайтирилиши кўп томонлама ҳамкорликнинг янги платформаси шаклланаётганидан далолат.
Умуман, Ўзбекистоннинг барча асосий куч марказлари билан конструктив мулоқот ўрнатиш ва шерикликни ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсий курси Кўрфаз мамлакатлари томонидан минтақанинг барқарорлиги ва башорат қилинувчанлиги омили сифатида қабул қилинади. Бу айниқса Яқин Шарқда геосиёсий беқарорлик кучайиб бораётган шароитда муҳим аҳамиятга эга.
Минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштиришда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси муҳим роль ўйнамоқда. Унинг шарофати билан сўнгги йилларда КАДҲК мамлакатлари билан ҳамкорлик комплекс тус олиб, нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва гуманитар соҳаларни ҳам қамраб ола бошлади. Олий даражали алоқалар сезиларли тарзда кенгайди, Кўрфаз мамлакатларининг суверен фондлари билан ҳамкорлик фаоллашди. Энергетика, транспорт, инвестиция ва исломий молия йўналишларидаги шериклик қўшилган янги кун тартиби шаклланди.
Гуманитар йўналиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Исломий маданий мерос соҳасидаги лойиҳалар, жумладан Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилиши, Самарқандда Имом ал-Бухорий мажмуаси янгича шакл-шамойил, мазмун касб этиши Кўрфаз мамлакатларида Ўзбекистоннинг умумий цивилизацион маконни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси сифатида қабул қилинади.
Ниҳоят, иқтисодий либераллаштириш ва бошқарувни модернизация қилиш Ўзбекистоннинг инвестиция, транспорт ва технология соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорлик учун шерик сифатидаги жозибадорлигини оширади.
Хуллас, Ўзбекистон бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари ва Форс кўрфази давлатлари ўртасида шаклланаётган стратегик шериклик моделининг шунчаки иштирокчиси эмас, балки асосий меъморларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Ўткир АЛИМОВ суҳбатлашди.
ЎзА