"Саҳоватли рицарь 3” амалиёти: БАА Ғазони қўллашда давом этмоқда
Бирлашган Араб Амирликлари Ғазо секторига навбатдаги гуманитар карвонларни юборди, деб хабар бермоқда “WAM” ахборот агентлиги.
“Саҳоватли рицарь 3” амалиёти доирасида етказилган ушбу ёрдам юклари озиқ-овқат тўпламлари, қишки кийим-кечак ва иситиш воситаларини ўз ичига олган бўлиб, Рамазон ойида маҳаллий аҳолининг асосий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган.
Шу билан бирга, 30 тоннага яқин дори-дармон ва тиббий жиҳозлардан иборат алоҳида карвон ҳам Ғазога етиб келди. Бу юклар Рафоҳдаги БАА шифохонаси ҳамда Хон Юнусдаги тиббиёт марказида лаборатория ва жарроҳлик хизматларини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган.

Таъкидланишича, Ал-Ариш шаҳрида фаолият юритаётган БАА тиббий гуруҳи ёрдам юкларини тайёрлаш ва жўнатишни узлуксиз назорат қилмоқда. Заруриятга қараб саралаш ва жўнатиш ишлари тезкор етказиб беришни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Амалиёт раҳбарияти қайд этишича, Рамазон ойи давомида карвонларнинг мунтазам кириб бориши Амирликларнинг анъанавий инсонпарварлик сиёсати ва Ғазодаги шошилинч эҳтиёжларни қондириш, тиббий хизматларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг давомидир.
Мусулмон Зиё, ЎзА