Саҳнада – Зулфиянинг “Хотира синиқлари”
“Дийдор“ ёшлар театр-студиясида Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ижодига мансуб “Хотира синиқлари“ достони асосида яратилган спектаклнинг намойиши бўлиб ўтди.
Атоқли шоира Зулфияхонимнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу спектакль аслида 2015 йилда шоира таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган бўлиб, унда Зулфия ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Йўлдошева ижро этган эди.

Орадан 10 йил ўтиб, мазкур спектакль янада “Дийдор” театр-студиясида қайтадан саҳналаштирилди. Эндиликда эса Зулфияхоним сиймосини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шодия Абдуқодирова гавдалантирган.
Айтиш керакки, мўъжазгина ушбу достонда шоиранинг бутун ҳаёти, таржимаи ҳоли, тақдири гавдалантирилган эди. Айни пайтда спектаклда гавдалантирилган шоиранинг образи биз билган, яъни минбарларда қарсиллатиб шеърлар ўқиган, бахт ва баҳор куйчиси бўлган Зулфиядан мутлақо фарқланиши билан аҳамиятлидир.

Бу Зулфия оддий темирчи оилада униб-ўсган, шўролар тузумидаги зуғумлар, заҳар-заққум кўргиликларни ўз бошидан ўтказган.
Мустабид тузумнинг зулм ва зўравонликлари унинг ҳам тақдирига кўланка солган, умр йўлдоши, яқинлари, жигарлари, ака-укаларини оғир кулфатларга гирифтор этганди...
Чиндан ҳам шоиранинг хотиралари ёниқ, нурли ёдномалардан кўра, ўз даврида юракларини тилкалаган ва бу азобли изтиробларни шоира умр бўйи кўнглида, ёдида сақлаб келган хотиранинг тиғли синиқлари эди. Дарҳақиқат, маккор тузумнинг қонли алдовларига учган, унга ишонган наинки шоира, балки миллионлаб одамлар, синган тақдирлар эмасмиди?!..
“Ҳуррият, келдингми – наҳотки келдинг?
Пинҳона соғиндим, пинҳона кутдим.”
Достонга, ҳам саҳна асарига дебоча бўлган ушбу сатрлар Зулфияхонимнинг истиқлолни нечоғли соғинч, ичикиш, кўз ёшлари билан кутиб олганини англатади. Ҳар қандай тузумда, ҳар қандай вазиятда поклик ва ҳалолликни ҳаёт шиорига, умр мазмунига айлантирган шоира ўз хотира синиқларини
“Айтилмаган алам, ёзилмаган шеър,
Олинмаган қасос – юрак титроғим” деб изтироб билан эътироф этади.
Ҳа, “Хотира синиқлари” спектакли Зулфияхонимнинг юраги нечоғли изтиробларга, дарду аламларга тўлиб тошганини яна бир карра намойиш этади.
Устоз Баҳодир Йўлдошев йўл-йўриқлари асосида истеъдодли режиссёр Руслан Ҳайдаров томонидан саҳналаштирилган ушбу спектаклдаги ролларни Фирдавс Жуманов, Азиза Давронова, Анвар Ҳамрақулов, Зафар Қутлимуродов, Ҳусанбой Мамашарипов, Муҳаммадазиз Дилмуродов, Шукрона Одилова ва бошқалар ижро этган. Рассомлар – Сергей Седухин, Доно Ғаниева. Бадиий раҳбар – истеъдодли режиссёр Бобур Йўлдошев.
“Хотирам синиқлари” спектакли театр санъатининг чин мухлислари учун навбатдаги туҳфадир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири