Саҳнада “муҳаббатим – қисматим менинг”
Сурхондарё вилоят мусиқали драма театрида драматург Холиқ Хурсандов асари асосида саҳналаштирилган “Муҳаббатим – қисматим менинг” спектакли тақдимоти бўлиб ўтди.
Оила – Ватан ичра кичик Ватан, жамиятнинг бош бўғинидир. Оилаларнинг бахтли ҳаёт кечириши, фарзандларнинг тўғри тарбия топиши, нафақат оилалар балки, жамият ривожида ҳам муҳим ўрин тутади. Оила мустаҳкамлигини таъминлаш эса кўп жиҳатдан оила бошлиғига боғлиқ. Инсон борки, ҳаёти давомида билиб-билмай камчиликлар, хатоликларга, йўл қўяди. Оила бир дарахт бўлса, фарзанд унинг меваси, ҳосили ҳисобланади. Бу меванинг нордон ёки ширин бўлиши, у озиқланадиган дарахт, яъни, оилага боғлиқ.
[gallery-1138]
Театр бош режиссёри Фарҳод Болтаев томонидан саҳналаштирилган спектаклида ҳам айнан оила муқаддаслигини ундовчи ғоя илгари сурилган. Спектаклда бош қаҳрамон Норбекнинг тақдири мисолида, инсоннинг билиб-билмай қилган хатоси жабрини тортган қисматлар акс эттирилади. Ушбу асарни саҳналаштиришдан мақсад эса, бугунги куннинг долзарб муаммоси бўлган мавзу ажримларни камайтириш, оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар, ЎзА