“Сафо” меҳр кўрсатади
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Сафо” болалар хосписи фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Эътиборлиси, юртимизда илк бор мазкур хоспис мобил бригадалари уйда ётиб қолган бемор ва ногиронлиги бўлган болаларга паллиатив хизмат кўрсата бошлади.
– Сентябрь ойининг сўнгги кунларидан иккита мобил бригадамиз орқали вилоятимиз ҳудудларига чиқиб, оғир аҳволдаги болаларга хизмат кўрсатишни йўлга қўйдик, – дейди “Сафо” болалар хосписи бош врачи Саодат Игамова. – Мобил бригада таркибида шифокор ва ўрта тиббиёт ходими, ижтимоий ходим ва психологлар бор. Асосий вазифамиз – болаларга уй шароитида ёрдам кўрсатиш, оғриқ ва касаллик аломатларни енгиллаштириш, бола ҳамда унга ғамхўрлик қилаётган яқинлари учун индивидуал ёрдам режасини ишлаб чиқиш ва ота-оналарга парвариш кўникмаларини ўргатишдан иборат. Нафақат бемор болага, балки заруратга қараб, унинг оила аъзоларига ҳам психологик ёрдам кўрсатамиз. Эҳтиёж бўлса, беморларга тиббий ускуналар, мослаштирилган ногиронлик аравачалари ва бошқа тиббий реабилитация воситалари берамиз. Шу пайтгача Ургут, Жомбой, Булунғур ва бошқа туманлардаги 60 нафарга яқин болаларга уйида хизмат кўрсатишга эришдик. Умуман, бугунги кунда вилоятимизда уйда парваришланаётган 300 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган бола аниқланган ва уларнинг барчасига ёрдам кўрсатишни режалаштирганмиз. Хоспис қурилиш ишлари якунига етгач, бемор болаларга шу ерда ҳам зарур тиббий-ижтимоий хизматларни кўрсатиш имконияти яратилади.
Қайд этилишича, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳар бир бола учун алоҳида кейс очади ҳамда зарур ижтимоий хизматлар ва техник реабилитация воситаларини олишда кўмаклашади. Хоспис мобил бригадалари сони бештага етказилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири