Сафия бахтини касбидан топди
Ширин шаҳридаги Сирдарё ИЭСда ахборот хавфсизлиги хизмати бошлиғи сифатида фаолият юритаётган Сафия Худайназарова ўз соҳасида юқори малакали мутахассис сифатида эътироф этилади. Унинг фаолияти — билимга садоқат, меҳнатсеварлик ва доимий ривожланиш намунаси ҳисобланади.
1973 йилда Ховос туманида туғилган Сафия Худайназарова мактабни олтин медаль билан тугатиб, 1990 йили Тошкент давлат техника университетининг “Ахборот технологиялари” йўналишига ўқишга кирди. Олий ўқув юртини муваффақиятли якунлаганидан сўнг, у Ширин шаҳридаги Сирдарё ИЭСда электрон ҳисоблаш машиналари оператори сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. Кейинчалик ахборот технологиялари ва рақамлаштириш бўлимида муҳандис сифатида фаолият юритиб, 2018 йилдан буён ахборот хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимида самарали иш олиб бормоқда.
– Иш фаолиятимнинг илк йилларида устозим Аликсандир Першов менга касб сирларини пухта ўргатди. Бугун эса мен ўзим ҳам бир қатор шогирдларни тарбиялаш имкониятига эга бўлдим, – дейди Сафия Худайназарова.
Сафиянинг фикрига кўра, замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект асрида малака ва билимни ривожлантириш ҳар бир мутахассис учун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис у инглиз тилини ўрганиш ва касбий кўникмаларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратади.
Сафия Худайназарова ўз ҳаётий қарашларини отасининг насиҳатлари билан боғлайди:
– Отам доим: – Ҳалолликдан асло чекинма, ҳеч қачон бировнинг ҳақига хиёнат қилма, доим тўғри сўз бўл, дер эдилар. Бу сўзлар менинг ҳаётимда йўл кўрсаткич бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди у.
Бўш вақтини спорт билан — волейбол ва стол тенниси билан ўтказишни маъқул кўрадиган Сафия Худайназарова ўз касби билан жуда фахрланади. Унинг фикрига кўра, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бугунги кундаги энг масъулиятли вазифалардан бири бўлиб, унинг ҳиссаси бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга.
– Ҳар бир рақамли маълумотнинг хавфсизлиги бизнинг энг асосий вазифамиз. Бунинг учун замонавий технологияларни пухта ўзлаштириш ва жамоа билан ҳамкорлик қилиш зарур, – дейди у.
Ёш мутахассислар ҳам унинг фаолиятидан илҳом олишади. Ахборот технологиялари бўлими муҳандиси Жамшид Мирзаев шундай дейди:
– Сафия Худайназарова биз учун нафақат раҳбар, балки устоз ҳамдир. Унинг меҳнатга садоқати ва билимга бўлган интилиши ҳар куни илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Сафия Худайназарова нафақат Сирдарё ИЭСнинг ишончли ходими, балки ёш мутахассислар учун ҳам ибрат намунаси ҳисобланади. Унинг меҳнати орқали корхонада ахборот хавфсизлиги самарали таъминланиб, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш имконияти кенгаймоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири