Сафинани Польшада жиддий синов кутмоқда
14 июнь куни Польшанинг Белосток шаҳрида енгил атлетика бўйича анъанавий халқаро турнир бўлиб ўтади. Тарихда еттинчи бор ўтаётган мазкур мусобақада дунё бўйлаб таниқли енгил атлетиканинг 40 нафарга яқин юлдузлари иштирок этади.
Бу йилги беллашувларда аёллар ўртасида ядро улоқтириш ва баландликка сакраш, эркаклар ўртасида эса ядро улоқтириш, баландликка ҳамда лангар чўпга таяниб сакраш баҳслари бўйича ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлади.
Аёллар ўртасидаги баландликка сакраш бўйича баҳсларда Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида юксак натижалар қайд этган спортчилар иштирок этади. Қувонарлиси, улар орасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, ўтган йилги мазкур турнир ғолиби Сафина Саъдуллаева ҳам бор. Умид қиламизки, бу сафарги мусобақада ҳам атлетимиз муваффақиятли иштирок этади.
Маълумот ўрнида: Сафина Саъдуллаева 2024 йилги мусобақада 1,93 метр натижа билан олтин медални қўлга киритган эди. Мусобақа тарихидаги рекорд эса польшалик атлет Мария Жодзикка тегишли бўлиб, у 1,95 метр баландликка сакраган. Эътиборли жиҳати, ўтган йилги турнирда Мария айнан С.Саъдуллаевадан тўрт сантиметрга кам натижа кўрсатган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА