Сабрина Олимжонова Туркияда муваффақиятли старт олди
Туркияда W15 таснифига кирувчи “Kayseri” халқаро турнирида теннисчи қизларимиз асосий тўр баҳсларини муваффақиятли бошлади.
Мусобақанинг яккалик беллашувлари биринчи даврасида Сабрина Олимжонова германиялик Аннемари Лазарни 6:2, 6:1 ҳисобида енгиб, иккинчи босқичда мезбонлар вакиласи Илай Юрак билан рақобатлашадиган бўлди.
Ҳамюртимиз Дария Шубина турнирдаги илк рақиби франциялик Селя Раккини 6:1, 6:3 ҳисобида таслим этди. Энди у чорак финал йўлланмаси учун ўтадиган ўйинда нейтрал теннисчи Варвара Паншинага қарши кортга чиқади.
Жуфтлик баҳсларида Мафтуна Қаҳрамонова ҳамда Сабрина Олимжонова тандеми нейтрал теннисчилар Александра Позаренко ва Анна Снигиревани 6:2, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратди. Шу тариқа, чорак финалга йўл олган Мафтуна ҳамда Сабрина ярим финал остонасида руминиялик Стефания Боица ва Бриана Забо жуфтлигини синовдан ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА