Сабине Маҳл: Ўзбекистон ҳукуматидан миннатдорман
24 октябрь – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни. Ўзбекистон 1992 йил 2 март куни тузилмага мустақил суверен давлат сифатида аъзо бўлган. Бир йил ўтиб, БМТ Тошкентда ваколатхона очди. Ушбу муассаса ҳозир 25 агентлик, жамғарма ва дастурлар кўмагида мамлакатни Барқарор ривожланиш мақсадлари сари етаклаб, 2030 йилгача мўлжалланган ривожланишнинг миллий устувор йўналишларига мувофиқ қўллаб-қувватламоқда.
Ташкилотнинг мамлакатимиздаги доимий координатори Сабине Маҳл ушбу муҳим сана муносабати билан ЎзА орқали юртдошларимизга қутлов йўллади:
– 1945 йил 24 октябрь куни БМТ Низоми кучга кирган. Фурсатдан фойдаланиб, мен барча ҳамкорларимиз – парламент аъзолари, миллий ҳамда халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари, хусусий сектор, илмий доиралар вакиллари, жамият етакчилари ва ёшларга самимий табригимни йўллайман.
Бизнинг фаолиятимиз самарали бошқарув, инклюзив ва барқарор инсон капиталини ривожлантириш, саломатлик ва фаровонлик, она табиатни асраш каби муҳим соҳаларга қаратилган. Бу жараёнда барча ҳудудлари бўйлаб минглаб инсонлар, аёллар ва болалар, фермерлар, ўқитувчилар, шифокорлар, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа ходимлари, ногиронлар, ёш инноваторлар, кўнгиллиларни қамраб олишга ҳаракат қиламиз.
Мен БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори сифатида ўз фаолиятимни жорий йил 1 июнда бошладим. Ўтган давр мобайнида Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасига уюштирилган сафарлар давомида ўзбек халқининг матонати ва кўтаринки руҳига гувоҳ бўлдим. Ташрифлар маҳаллий ҳокимият вакиллари, ёшлар, фермер аёллар, тадбиркорлар, кексалар билан мулоқотга бой кечди.
Республика ҳукумати бизни доимий ва изчил қўллаб-қувватлаётганидан миннатдорман. Зеро, ҳамкорлигимиз тараққиётнинг муҳим, устувор йўналишларида муваффақият қозонишимизга ёрдам беради. Мен умумий тараққиёт сари дадил олимлаётган, халқ фаровонлиги тарафдори бўлган Ўзбекистонда ишлаётганимдан фахрланаман.
Б.Худойбердиев, ЎзА