Саҳрода мўъжиза яратаётганлар
Конимех тумани Навоий вилоятининг жанубий ҳудудларидан. Туманнинг асосий қисми Қизилқум кенгликларида жойлашган, аҳолиси азалдан асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланиб келган.
Конимех тумани Навоий вилоятининг жанубий ҳудудларидан. Туманнинг асосий қисми Қизилқум кенгликларида жойлашган, аҳолиси азалдан асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланиб келган. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарасида бугун саҳро бағрида ҳам саноат тобора ривожланмоқда.Саҳрода иссиқхона барпо этиб, лимон етиштиришни ҳеч тасаввур қилганмисиз? Чорва жунини замонавий технологиялар ёрдамида ювиб, қайта ишлашга тайёрлаётган тадбиркор чорвадорлар ҳақида эшитганмисиз?
Туман марказидан 130 километр узоқликда, қўшни давлат билан чегара ҳудудида жойлашган Абай номидаги ширкат хўжалигида ана шундай мўъжизаларга гувоҳ бўлиш мумкин.
Президентимиз раҳнамолигида чорвачиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор қишлоқда замонавий инфратузилмани тараққий эттириш, саноат ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш имкониятларини ҳам кенгайтирмоқда. Қишлоқда чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари кўпаймоқда. Мамлакатимизда гўшт, сут ва сут маҳсулотлари етиштиришга салмоқли ҳисса қўшаётган ушбу корхоналарда қишлоқ одамлари, асосан, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва хотин-қизлар меҳнат қилаётир.
Навоий вилоятида аҳолини сифатли сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2015 йилда чорвачиликда ялпи маҳсулот 1,1 триллион сўм ёки умумий ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 52,2 фоизини ташкил этди. Бунда Қизилқумдаги чорвачиликка ихтисослашган ширкат хўжаликларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
– Айни пайтда хўжалигимизда парваришланаётган 58 минг бошдан ортиқ чорва молларининг қарийб 31 минг боши совлиқлардир, – дейди хўжалик раиси ўринбосари Тилакбой Калдибеков. – Чорвамиз кўкламга соғлом чиқмоқда. Хўжалигимизда саноатни ҳам босқичма-босқич ривожлантирмоқдамиз. Қарийб 40 миллион сўм маблағ эвазига жун ювиш дастгоҳи келтирилмоқда. Замонавий технология ўрнатилгач, йилига 10 тонна жунни тозалаш имконияти яратилади. Ўндан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминланади. Айни пайтда қуёнчиликни йўлга қўйиш борасидаги ишлар ҳам бошлаб юборилган. Бу лойиҳа амалга ошгач, яна бир неча ёшлар ишли бўлади. Ярим гектар майдонда ташкил этилган иссиқхонамиздаги 30 туп лимондан мўл ҳосил олмоқдамиз.
Буларнинг барчаси мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларидир.