Сўхда энди «свет» ўчмайди
Фарғона вилояти Сўхда туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш тарзини яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Фарғона вилояти Сўхда туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш тарзини яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан секторларда ташкил этилган «Фуқаро қабулхоналари» ҳамда уйма уй юриш орқали аҳоли камчилик ва муаммолари аниқланиб, улар бартараф этилмоқда. Аҳоли муаммоларини ўрганиш баробарида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳам тайёрланмоқда. Туманда ташкил этилган тезкор штаб мутасаддиларининг маълумотига кўра, электр-энергияси таъминотини яхшилаш борасидаги ишлар қизғин тус олган.
Дарҳақиқат, туманнинг барча ҳудудларида электр-энергияси таъминотида камчилик ва муаммолар мавжуд. Электр кўп ўчмасада, лекин аксарият маҳалла ва қишлоқларда электр-энергия етказиб берувчи қурилма, асбоб-ускуналар бугунги замон талабларига жавоб бермайди. Сал шамол кўтарилса ёки ёғингарчилик бўлса, аҳоли соатлаб «светсиз» қолиб кетади. Эндиликда барча мавжуд муаммо ва камчиликлар бартараф этилмоқда.
Бугун туманда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича 82 нафар малакали мутахассислардан иборат 13 та бригада ташкил этилган. Улар туманнинг барча ҳудудларида фаолият олиб бораётир. Туманнинг Мулгон, Ҳазрати Али, Офтобру, Чумоқча, Зангат, Ғазнов, Шарқобод, Қизилқиёқ, Чашма, Девайрон, Ҳушёр, Сариканда, Янгиариқ ва Ленбур маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида электр таъминотини яхшилашга қаратилган ишлар олиб борилди.
Мазкур ишларни амалга ошириш учун 10 та техника ва махсус машиналар жалб этилган. Бугун қайд этилган маҳаллаларда янги кабель, очиқ симлар тортиш, янги трансформаторлар ўрнатиш, эски симёғочларни замонавий темир-бетон таянчлар билан алмаштириш, мавжуд электр тақсимлагич қурилмаларини таъмирлаш, электр энергияси таъминотига тўсиқ бўладиган дархтлар шохларини тозалаш ишлари олиб борилди. Шу кунгача Хушёр, Сарибозорча, Мулгон, Равон маҳаллаларида 8 000 метрдан ортиқроқ масофага янги СИП кабеллари тортилди. Чумоқча, Зангат, Ғазнов, Офтобру маҳаллаларига 2 000 метрга яқин очиқ симлар тортилди.
– Ҳукуматимизга мингдан-минг раҳмат. Бугун бизнинг маҳаллада ҳақиқий байрам, катта тантана. Чунки бизнинг маҳаллага янги трансформатор ўрнатилди, махсус трактор – ямабур ёрдамида янги темир-бетон таянчлари ўрнатилмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, энди бизнинг маҳалламизда умуман «свет» ўчмайди, – дейди Чумақча маҳалласида яшовчи нуроний отахон Набижон Саидов.
Туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам бу йўналишда ишлар олиб борилмоқда. Тадбир бошидан туман ҳудудида трансформаторларни таъмирлаш, шунингдек, янги трансформаторлар ўрнатиш ишлари ҳам жадаллик билан олиб бориляпти. Жумладан, агар бугун Ленбур маҳалласида 2 та трансформатор таъмирланган бўлса, олиб келинган барча 16 та янги трансформаторлар – биттадан Шарқобод, Қизилқиёқ, Ленбур, Себзор, Демурсад, Зангат, Ҳушёр, Ғазнов, Чашма маҳаллаларига, икккитадан Чумоқча ва Гулистон маҳаллаларига етказиб берилди. Офтобру маҳалласига 3 дона янги трансформатор етказилиб, ўрнатиб берилди.
Туманда электр энергияси таъминотига ғов бўладиган асосий тўсиқ бу дарахт шохларини электр токи кабеллари ёки очиқ симларига халақит бериши ҳисобланади. Бугунги кунгача соҳа мутахассислари томонидан 90 километрга яқин масофадаги дарахт шохлари тозаланди.
Электр энергияси таъминотидаги асосий манба бу электр тақсимловчи подстанциялардир. Туманнинг электр таъминотидаги асосий «юраги» Девайрон маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган. Подстанциядаги асосий электр тақсимловчи қурилма вилоятдан келган мутахассислар томонидан таъмирланди. Соҳа вакилларининг асосий мақсади туман аҳлига электр энергияси таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш ва ҳудуддаги барча воситаларни модернизация қилишдан иборат.
Яна бир муҳим жиҳати бугун Сўх туманида электр-энергияси соҳасини модернизация қилиш баробарида ёшларнинг бандлиги ҳам таъминланмоқда. Соҳа мутахассисларига ёрдамчи куч сифатида шу кунгача туман электр тармоқлари корхонасига 51 нафар ёшлар ишга қабул қилинди. Бу ҳам албатта, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган эътибор самарасидир.