Сўхда алоқа сифати яхшиланади
Фарғона вилояти Сўх туманининг аксарият ҳудудларида юртимиздаги мобил операторларнинг алоқа сифати унчалик яхши эмас, айрим жойларда умуман ишламайди.
Фарғона вилояти Сўх туманининг аксарият ҳудудларида юртимиздаги мобил операторларнинг алоқа сифати унчалик яхши эмас, айрим жойларда умуман ишламайди. Шу боис аҳоли қўшни давлатнинг сим карталаридан фойдаланар эди. Интернет масаласида ҳам шундай эди. Бугун мазкур муаммо ўз ечимини топмоқда.
Қисқа фурсат ичида туманда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан алоқа сифатини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар бажарилди. Бугунги кунда сифатли алоқа қамрови янада кенгайди, интернет тезлиги ошди.
Туманнинг Ғазнов-Тул, Қалъача-Тул, Умбара-Тул, Девайрон-Тул ва Ровон-Малбут йўналишларида маънан эскирган ёғочли таянчлар ўрнига 200 га яқин темир бетонлар ўрнатилиб, 80 километрга яқин оптик толали алоқа линиялари тортилди. Шу кунгача Ленбург, Ровон, Чашма маҳаллаларида 5 та мобил алоқа база станциялари ишга туширилди. Хусусан, туман маркази ва «Чашма» маҳалла фуқаролар йиғинида иккита антенна қурилмаси ўрнатилиб, ишга туширилди. Эндиликда туман ҳудудида аҳоли “Mobiuz”, “Uzmobile” ва “Ucell” алоқа компаниялари хизматидан фойдаланишмоқда.
«Ўзтелеком» АК “Uzmobile” филиалининг Малбут, Ҳушёр, Истиқлол маҳаллалари, Сўх радио телевизион станцияси ва туман марказида ўрнатилган база станцияларигача ташкил этилган транспорт тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти, яъни алоқа сифати икки баробарга оширилди. Филиалнинг тумандаги 10 та база станциялари юқори тезликдаги (“4G” стандартида) интернет технологиялари асосида модернизация қилинди. Натижада Зангат, Чумоқча, Мулгон, Демурсад, Ленбург, Ғазнов, Қалъа, Қалъача, Сариканда, Қизилқиёқ, Сарибозорча, Чашма, Тул, Малбут, Ҳушёр, Гулистон, Истиқлол, Девайрон, Умбара, Ровон ҳудудида мобил алоқа сифати яхшиланди ва интернет тезлиги ошди.

Яна бир янгилик. Туман марказий шифохонаси интернетга уланиб, Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасида беморларга масофадан туриб, видеокузатув орқали онлайн равишда консультация бериш ва ташхис қўйиш тизими жорий этилди.
Ровон маҳалласида биринчилардан бўлиб, IPTV (кабель телевидение) тизими ишга туширилди. Шунингдек, GPON технологиялари бўйича шартнома асосида алоқа соҳасида 4 та хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.