Сўх улкан янгиланиш ва бунёдкорликлар бўсағасида
Шоир бежиз бундай ёзмаган. Ўзбекистоннинг дил парчаси бўлган – Сўх ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади
Етти иқлимда йўқ бундай хуш ҳаво,
Йигитларинг ўктам, қизларинг барно,
Исминг юрагимда ловуллаган чўғ,
Муқаддас тупроғим, жаннатмонанд Сўх!
Шоир бежиз бундай ёзмаган. Ўзбекистоннинг дил парчаси бўлган – Сўх ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Олой тизмасининг Қатронтоғ, Обишир, Лазар каби тоғлар ёнбағрида жойлашган бу масканни зилол булоқлари, жўшқин сойлари, кўкка талпинган арчалари ва бетакрор табиати унутилмас, ёрқин таассуротлар қолдиради. Унинг катта бойлиги – содда ва самимий, меҳнаткаш одамларидир.
Бугун қўшни давлат чегарасидан ўтиб, Сўх туманига қадам қўйган киши улкан бунёдкорлик ишлари ва янгиланишларнинг гувоҳи бўлади. Йўлсозлар йўлларни таъмирлаётган бўлса, қурувчилар янги уйларни қуришга киришган. Энг чекка ҳудудларда ҳам электр-энергия, ичимлик суви таъминоти яхшиланаётир. Аҳолини иш билан таъминлаш, таълим, тиббиёт, қўйингки, барча соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш, туманни ҳар томонлама ривожлантиришга муҳим эътибор қаратилмоқда.
– Туманимиздаги муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас, балки йиллар давомида йиғилиб қолган эди, – дейди Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев. – Чашма булоғида юз берган воқеалар туфайли барчаси «ёрилди». Бугунги кунда ҳукумат комиссияси томонидан алоҳида дастур ишлаб чиқилди. 2020-2022 йилларда туманни комплекс ривожлантиришга 500 миллиард сўм маблағ сарф этилиб, мавжуд муаммолар ечим топади. Шунингдек, сектор раҳбарлари, турли вазирликларнинг вакиллари ҳар бир маҳаллага бориб, пиёда юриб, аҳоли билан учрашмоқда. Уларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганиб, ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Уйма-уй ўрганишлар натижасида аниқланган муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг ечими назоратга олиняпти. Хусусан, Нигора Тожибоевага ҳомийлар томонидан дори-дармонлар олиб берилиб, яшаш хонадонининг орқа қисмига 5 та юк машинасида шағал ётқизилди. Зулфия Ғофурова уйининг сув қувурлари таъмирлаб берилди. И. Маҳмудова ва М.Юсуповаларга тикув машиналари беминнат ёрдам сифатида топширилди.
Чашма қишлоғида юзага келган можарода уч оила – Исроилжон, Анваржон ва Ўлмасой Бекназаровларнинг уй-жойлари ёниб кетди. Бошпанасиз қолган 11 нафар оила аъзолари вақтинчалик жой билан таъминланиб, барча шароитлар яратиб берилди. Мазкур оилаларнинг уй -жойлари замонавий тарзда давлат томонидан қуриб бериладиган бўлди.
Тумандаги катта муаммолардан бири ишсизликдир. Бу ернинг 31 фоиз аҳолиси асосан хорижий давлатларда мигрант бўлиб ишлайди. Коронавирус пандемияси туфайли 14 мингга яқин киши ишсиз қолган. Бугун биринчи навбатда уларни иш билан таъминлаш, даромад топишига кўмаклашиш бўйича иш олиб бориляпти. 500 нафардан ортиқ сўхликлар “Tashkent city” қурилиш объектларида иш билан таъминланмоқда. Туманда бошланган бунёдкорлик ишларида эса электр соҳасида 200, қурилишда 300 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Шунингдек, қишлоқларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр-энергияси таъминотини яхшилаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, йўлларни таъмирлаш ва бошқа йўналишларда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Анклав ҳудудда ерларни ўзлаштириш муҳим вазифалардан биридир. Шу боис бугунги кунда бўш турган, қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган ерларни ўзлаштириш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунинг учун 4 миллиард сўм маблағ эвазига тик қудуқлар қазиш режалаштирилган. Малбуд йўналишидаги бўш турган ерларни суғориш мақсадида тик қудуқ қазиш ишлари бошлаб юборилди. Мазкур иншоот ишга тушгач, 60 гектар янги ерлар ўзлаштирилади.
Илгарилари туманнинг аксарият ҳудудида юртимизнинг мобил операторларини алоқа база станциялари кам бўлганлиги учун сўхликлар Қирғизистоннинг сим карталаридан фойдаланишарди. Бугун бу муаммо тўлиқ бартараф қилиниб, чекка қишлоқда алоқа сифати яхшиланиб, қамров янада кенгайди.
Телекоммуникация инфратузилмасини кенгайтириш ва хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида 62 километр оптик толали алоқа кабеллари, умумий сиғими 536 портли замонавий қурилмалар, 5 та мобил алоқа база станциялари каби зарур транспорт ва махсус материаллар туманга етказилди.
Айни дамда Ғазнов – Тул йўналишида 16 километр оптик толали алоқа кабеллари қуриш ва монтаж ишлари бошланди. 5 та мобил алоқа база станциялари ўрнатилди. Жумладан, «Ленбург» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги мавжуд антенна мачта қурилмасига юқори тезликдаги интернет технологияси асосидаги база станцияси ўрнатилиб, ишга туширилди. Шу билан бирга, «Ўзбектелеком»нинг «Қалача», «Малбуд», «Тул» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларидаги мавжуд база станцияларигача ташкил этилган транспорт тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти 2 баробарга кенгайтирилди.
Туманда бугунги кунда 28 та умумий ўрта таълим ва 3 та ихтисослашган мактаб-интернат бор. Айни кунларда Сарибозорча қишлоғида қарийб 6 миллиард сўм маблағ эвазига янги мактаб бунёд этилмоқда. Афсуски, йилдан-йилга туманда олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёж ортиб боряпти. Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, истиқболда мазкур ҳудуднинг иқтисодиёт тармоқларини замонавий фикрлайдиган малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида давлат гранти асосида қўшимча 500 та ўрин ажратилганлиги ҳам катта воқеа бўлди.
– Ёшлигимдан шеъриятга қизиқаман, – дейди 1-умумтаълим мактабининг битирувчиси Гулабзо Раҳмонова. – Битта шеърлар тўпламим нашр этилди. Аммо олий ўқув юртига кириш биз сўхлик ёшлар учун, айниқса, қизлар учун қийин бўларди. Шунинг учун ҳам туманимизда олий маълумотга эга бўлган ёшлар саноқли. Президентимизнинг бу борада бизларга берган имконияти орзуларимизни рўёбга чиқаради. Биз албатта, бу ишончни оқлаймиз.
Қайси бир сўхлик билан гаплашманг улар бошланган эзгу саъй-ҳаракатлардан мамнун эканликларини билдирмоқда. Албатта, гап рақамларда эмас. Ислоҳотларни ҳар бир юртдошимиз сезиб, уни ўзининг ҳаётида ҳис этса, ана шу энг муҳим самара. Сўхдаги бунёдкорликлар ҳам ана шу эзгу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.