Рыжик ўсимлиги мамлакатимиз иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда етиштирилмоқда
Юртимизда ишлаб чиқарилаётган ёғ-мой маҳсулотлари ҳажми йилдан-йилга ошиб боришига қарамасдан аҳоли сони ва саноат эҳтиёжлари ошиши натижасида ўсимлик ёғларига бўлган талаб ҳам йил сайин ортиб бормоқда.
Республикамизда ноанъанавий мойли экинлар майдонларининг кенгайтирилиши ва улардан тайёрланадиган маҳсулотларнинг кўпайиши импорт ўрнини босувчи товарлар ҳажмини ошириш, аҳолининг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда чорвачиликни ривожлантириш имконини бермоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам мавжуд 200 дан ортиқ йирик ва кичик ёғ-мой корхоналари томонидан 60 турдаги ва 200 дан ортиқ ассортиментдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур корхоналарнинг асосий хом ашёси пахта чигити ҳисобланиб, йилига ўртача 1,2 миллион тонна техник пахта чигити қайта ишланади ҳамда 200 минг тонна атрофида пахта ёғи ишлаб чиқарилади.
Бундан ташқари, йилига маҳаллий шароитда мойли хом ашё етиштириш ҳамда соя ва кунгабоқар донларини импорт қилиш ҳисобига 90-95 минг тонна атрофида ўсимлик мойи ишлаб чиқарилиб, аҳоли истеъмоли учун етказиб берилмоқда.
Шунга қарамай, аҳолини сифатли ўсимлик мойи билан таъминлаш мақсадида йилига 150-180 минг тонна тайёр ўсимлик мойи четдан импорт қилинаётганлиги барчани бирдек ўйлантириши табиий ҳол.
Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш, аҳоли эҳтиёжини тўла қондириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва тайёр маҳсулот ассортиментини кўпайтириш бўйича ҳукуматимиз томонидан бир қатор комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини модернизациялаш, диверсификация қилиш ва барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш вазифаси юклатилган.
Шунга кўра, хориждан келадиган уруғларни республикага кириб келишини камайтириш, импорт ўрнини босувчи стандарт талабларга жавоб берадиган янги ноанъанавий мойли экинларни етиштириш, улардан ўсимлик мойи олиш жараёнларини амалга ошириш долзарб вазифа ҳисобланади.
Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида ҳам ноанъанавий қишлоқ хўжалиги экинларини маҳаллийлаштириб, етиштириш бўйича муҳим бўлган агротехнологияни жорий қилиш, уруғчилик базасини шакллантириш бўйича истиқболли лойиҳалар асосида илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, бугунги кунда институтда ёғ-мой саноатида катта истиқбол яратилиши ва республикамизда янгилик бўлиши кутилаётган рыжик ўсимлигини мамлакатимиз иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда етиштириш агротехнологияси ишлаб чиқилмоқда.
Рыжик бу кичик Осиёдан чиққан карамдошлар оиласига мансуб бир йиллик мойли ўсимлик бўлиб, унинг баҳорги ва кузги навлари бор. Ўсимликнинг иккинчи номи – Camelina sativa.
Ҳозирги вақтда рыжик экини етиштиришнинг соддалиги ва эрта пишиши, юқори ва барқарор ҳосилдорлиги туфайли кўплаб мамлакатларнинг эътиборини тортмоқда. Сўнгги 15 йил ичида Россияда рыжик экилган майдон 150 минг гектаргача ўсди ва ўсишда давом этмоқда. Рыжик ўсимлиги уруғи таркибида 40-46 фоиз қуритилган мой бор.

Мойининг таркибида табиий антиоксидантлардан токофероллар бор. Е витаминининг бой таркиби саратон ҳужайралари пайдо бўлишига олиб келадиган эркин радикаллар таъсирига қарши курашда фойдаланиш самарадорлигини исботлайди. Соғлигингизни сақлаб қолиш учун ҳар куни 50 грамм рыжик мойи ёки пиширилган уруғларни истеъмол қилиш кифоя. Мунтазам меъёрда истеъмол қилинган мой организмдаги иммунитетни сақлашга ёрдам берадиган фойдали витамин ва минералларнинг манбаи ҳисобланади.
Рыжик уруғида А, Е, Д, К витаминларининг мавжудлиги ёш тананинг шаклланишида муҳим роль ўйнайди, шу боис болалар учун овқат тайёрлашда рыжик мойидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Рыжик таркибида муҳим микро ва макроэлементлардан магний, калий, калций, темир, рух, фосфор ва бошқалар мавжуд. Эрук кислотасининг таркиби нисбатан паст.
Ҳозирги вақтда уни ишлатишнинг янги йўналиши бўлган экологик тоза қайта тикланадиган ёқилғи – биодизел ишлаб чиқилмоқда. Рыжик мойида юқори калория қийматига эга бўлган ёғ кислоталари мавжудлиги сабабли, ёқилғида қайта ишлаш учун истиқболли. Унинг кунжараси қимматбаҳо ҳайвон еми ҳисобланади.
Рыжик хусусан, Европа, Марказий Осиё, Хитой, Шимолий Америка, Корея ва Японияда етиштирилади ва асосан икки йўналишда, яъни асаларичиликда ва рыжик мойи ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида қўлланилади.
Рыжик мойи озиқланиш қиймати ва таркиби жиҳатидан шифобахш кучи билан машҳур қарағай ёнғоғи ёғига ўхшайди. Таркибидаги организм учун зарур бўлган тўйинмаган ва тўйинган ёғ кислоталарнинг оптимал нисбати, шунингдек, омега-3 ва омега-6 концентрациясининг ортиши билан ажралиб туради.
Гулноза Бобоева, ЎзА