Рух жамланмалари болаларга тарқатилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси томонидан бугунги кунда жуда долзарб саналган рух микроэлементининг 12 минг жамланмаси мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларидаги болаларга етказилади. 24 декабрда дастлабки партияни Навоий вилояти болалари қабул қилиб олди.
Ҳудудларни қўллаб-қувватлаш ва тиббий билим бериш бўйича ўз дастурининг навбатдаги босқичини амалга ошириш мақсадида Миллий палата томонидан янги ҳамкорлар билан музокара, аҳолини хабардор этиш учун янги мавзулар таҳлили давом эттирилди. Бунда асосий эътибор ўсиб келаётган авлодга қаратилди.
Миллий палата раҳбари Ровшан Изамов ва Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов учрашувида нафақат инсонпарварлик тадбири, шу билан бирга тиббий туризм соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари, ҳудуд соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш, вилоятга чет эл инвестицияси ва инновацион тиббий технологияларни жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ҳудудда Россия инвестицияси кўмагида замонавий флебологик хизматини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама этилди.
Ташриф доирасида Миллий палата ва Навоий вилояти ҳокимлиги ўртасида тиббиёт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Таркибида рух бор дори воситаларини топшириш учун мамлакатнинг 6-7 та ҳудуди танлаб олинган. У ерларда худди Навоий вилоятидаги каби вилоят раҳбарияти вакиллари билан ҳамкорликда тадбир амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг учун чекка ҳудудларнинг аҳоли яшаш пунктларидан махсус гуруҳлар – бошланғич синф ўқувчилари (1-4 синф) танлаб олинган. Навоий вилояти учун мўлжалланган 1,5 минг жамланмани 1,5 минг нафар бола олади. Тадбир «Jurabek Laboratories» корхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган, шунингдек, аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ота-оналар ва болалар орасида зарур тиббий билимларни ёйиш мақсад қилинган.
Бугун рух каби микроэлемент “COVID-19”нинг енгил шакли билан касалланган беморларни даволашда қўл келаётгани учун унга жиддий эътибор қаратилган. Рух организмнинг иммун ҳимоясига кўмаклашиш ва нормал ўсиши учун зарур. Бу, айниқса, болалар учун жуда муҳим. Организмда рухнинг тақчиллиги билан боғлиқ ҳолатларда одатда суякларнинг ўсиши секинлашиши кузатилади. Шунинг учун, айниқса, чекка ҳудудларда яшаётган аҳолининг тиббий билимини оширишга қаратилган тадбирлар бугун жуда долзарб саналади.
Дори воситаларини тарқатиш жараёни Миллий палатанинг ҳар бир вилоятда фаолият юритадиган ҳудудий бўлинмалари ходимлари кузатуви остида амалга оширилади. Улар маърифат ишларини олиб бориш баробарида болалар, ота-оналар ва педагогларнинг бу борадаги саволларига ҳам жавоб беради.
Ўзбекистонда бугунги кунда ёш авлоднинг ҳар томонлама ривожланишига қанчалик катта аҳамият берилаётганлигини инобатга олиб, Миллий палата ушбу йўналишда кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни давом эттиради.
Инновацион соғлиқни сақлаш
Миллий палатаси матбуот хизмати