Рустам Раҳимов: Сув тежалса, иқтисодиёт ҳам, экология ҳам яхшиланади
Сув ресурсларини асраш ва улардан оқилона фойдаланиш бугун нафақат қишлоқ хўжалиги, балки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий барқарорлиги ва экологик мувозанатини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги ва сувга бўлган талабнинг ортиши шароитида ҳар бир томчи сувнинг қадри янада ошиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Рустам Раҳимов билан суҳбатимиз сув ресурсларини асраш, улардан самарали фойдаланиш, ҳисобини юритиш ва исрофгарчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланди.

– Бугунги кунда сувдан оқилона фойдаланиш масаласи нега ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда?
– Бугун бутун дунё сув ресурслари билан боғлиқ жиддий синовларга дуч келмоқда. Иқлим ўзгариши натижасида қурғоқчилик даврлари узаймоқда. Сув захиралари қисқармоқда ва сув ресурсларига бўлган босим ортиб бормоқда. Шу билан бирга, аҳоли сонининг ўсиши, қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг кенгайиши сувга бўлган эҳтиёжни янада оширяпти.
Ўзбекистонда ҳам сув ресурсларининг катта қисми трансчегаравий манбалар ҳисобига шаклланади. Шу боис, сувнинг ҳар бир куб метри стратегик аҳамиятга эга. Сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш бугун фақат иқтисодий масала эмас. Бу мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик барқарорлиги ва келажак авлодлар манфаатларини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳар бир сув истеъмолчиси сувдан белгиланган тартиб ва лимитлар асосида фойдаланиши, унинг ҳар бир томчисини эҳтиёткорлик билан сарфлаши зарур.
– Сиз “Сувни зовурга ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолати - фавқулодда ҳолат” деган тамойилни илгари суряпсиз. Бу фикрни қандай изоҳлайсиз?
– Айрим ҳолларда зовурга ташлаб юборилган сувга оддий технологик ҳолат сифатида қаралади. Аслида эса бу сув ресурсларини бошқариш тизимидаги жиддий муаммо ҳисобланади. Зовурга ташланган ҳар бир куб метр сув бошқа ҳудуддаги экин майдонларига етиб бормаган сувдир.
Бу ҳолат сув тақсимоти режаларининг бузилишига, насос станцияларининг ортиқча ишлаши ва электр энергияси сарфининг кўпайишига олиб келади. Давлат маблағлари ҳисобидан етказиб берилган сувнинг самарадорлиги пасаяди, сув танқислиги шароитида бошқа сув истеъмолчиларининг қонуний ҳуқуқлари чекланади. Қолаверса, ортиқча сув ерларнинг мелиоратив ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, иккиламчи шўрланиш хавфини кучайтиради.
Шунинг учун биз сувни зовурга ташлаб юборишнинг ҳар бир ҳолатини оддий камчилик эмас, балки фавқулодда ҳолат сифатида баҳолашимиз керак. Бу тамойил ҳар бир сувдан фойдаланувчи учун кундалик фаолият қоидасига айланиши лозим.
– Инспекция мазкур йўналишда қандай чора-тадбирларни амалга оширмоқда?
– Инспекциянинг асосий вазифаси сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, сув исрофининг олдини олиш, сув хўжалиги объектларининг хавфсиз эксплуатация қилинишини назорат қилиш ҳамда соҳада қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашдан иборат.
Бу йўналишда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўта муҳим гидротехника иншоотларининг техник ҳолатини баҳолаш бўйича 261 та инспекторлик текшируви ўтказилиб, фойдаланувчи ташкилотларга 1139 та камчиликни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Сувдан фойдаланишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши бўйича 3322 та назорат тадбири ўтказилиб, 9552 та камчилик аниқланди. Шунингдек, қонунбузилишлар хавфини камайтириш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шароитларини бартараф этиш мақсадида 1048 та чора-тадбир амалга оширилди.
Сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва қонунчилик талабларини тушунтириш мақсадида 2127 та профилактика тадбири ташкил этилди. Бу тадбирлар давомида сув исрофгарчилигига сабаб бўлиши мумкин бўлган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий тушунтириш ва кўмаклар берилди.
Амалга оширилган назорат ва профилактика ишлари самарасида 1,4 миллиард куб метр сув исрофининг олди олинди.
Шу билан бирга, илгари сув тежовчи технологиялар жорий қилиниб, давлат бюджетидан субсидия ажратилган 153 минг гектар ер майдонларида ушбу технологиялардан самарали фойдаланилиши устидан назорат кучайтирилди. Натижада 10 348 гектар майдонда экинларни мавжуд сув тежовчи технологиялар ёки уларнинг асосий қисмларидан фойдаланган ҳолда суғориш ташкил этилди.
Сув ресурсларининг ҳисобини юритиш соҳасида ҳам ишлар изчил давом эттирилиб, 2671 та сув олиш жойида сув ҳисоби ва ҳисоботи юритилиши таъминланди.
Бундан ташқари, назорат тадбирлари натижасида сув объектлари ва қурилмаларига зарар етказишнинг 491 та ҳолати, 418 та ноқонуний сув олиш ҳолати ҳамда 210 та ҳолатда сув ресурсларини коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб юборишнинг олди олинди.
Бизнинг асосий мақсадимиз жазолаш эмас, балки сув исрофининг олдини олиш, ҳар бир сув истеъмолчисида масъулият туйғусини шакллантириш ва сувдан самарали фойдаланиш маданиятини юксалтиришдан иборат.
– Вегетация мавсумида сувдан фойдаланишда қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш лозим?
– Вегетация даврида сувга бўлган эҳтиёж энг юқори даражага чиқади. Шу сабабли, ҳар бир сув манбаси, магистрал ва хўжаликлараро каналлар, ички суғориш тармоқлари орқали узатилаётган сув қатъий ҳисобга олиниши шарт.
Сув ўлчаш воситалари асосида доимий назорат ўрнатилиши, сув белгиланган лимитлар асосида адолатли тақсимланиши лозим.
Шу билан бирга, каналлардаги фильтрация ва технологик йўқотишларни қисқартириш, гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш ва улардан белгиланган қоидалар асосида фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Бу нафақат сувни тежаш, балки бутун сув таъминоти тизимининг барқарор ишлашини таъминлайди.
– Сувдан фойдаланувчилар, энг аввало, нималарга амал қилишлари керак?
– Аввало, ҳар бир сув истеъмолчиси ажратилган сув лимитларига қатъий риоя қилиши лозим. Суғориш ишлари агротехник талаблар ва илмий асосланган суғориш режимлари бўйича ташкил этилиши зарур. Ҳар бир куб метр сувнинг ҳисобини юритиш ва мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш бугунги куннинг муҳим талабидир.
Шунингдек, канал ва ариқлардаги йўқотишларни камайтириш, гидротехник иншоотлардан техник эксплуатация қоидалари асосида фойдаланиш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш каби сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш катта аҳамиятга эга.
Энг муҳими, сувдан ноқонуний фойдаланиш ва исрофгарчиликнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатда бўлишимиз керак. Сув - умуммиллий бойлигимиз ва уни асраш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз.
– Сувни тежаш мамлакатимиз учун қандай натижалар беради?
– Сувни тежаш натижасида бир вақтнинг ўзида иқтисодий, ижтимоий ва экологик самарага эришилади. Миллионлаб куб метр сув иқтисод қилиниб, кўпроқ майдонларни барқарор сув билан таъминлаш имконияти яратилади. Бу эса қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини оширишга ва сув унумдорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, насос станцияларида электр энергияси сарфи қисқаради, давлат харажатлари камаяди, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади ва экологик барқарорлик мустаҳкамланади. Энг муҳими, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади.
– Суҳбатимиз якунида сувдан фойдаланувчиларга қандай мурожаат қилган бўлардингиз?
– Барча фермерлар, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, кластерлар, сув истеъмолчилари уюшмалари, сув хўжалиги ташкилотлари мутахассислари ва барча юртдошларимизни сувдан оқилона фойдаланишга чақираман. Ҳар биримиз сувни тежасак, уни ҳисоб-китоб асосида сарфласак ва исрофгарчиликка йўл қўймасак, мамлакатимиз сув хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Юқорида таъкидлаганимиздек, “Сувни зовурга ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолати – фавқулодда ҳолат” деган тамойил ҳар бир сув истеъмолчисининг кундалик фаолиятида устувор қоидага айланиши лозим. Зеро, сувни асраш – келажакни асрашдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.