Мамлакатимизда муқобил энергетика тизимларини амалиётга татбиқ этиш табиий бойликларни асрашда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли кейинги йилларда “яшил энергетика”ни ривожлантириш, хусусан, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу йўналишда ўтган 3 йил ичида 10 та битим имзоланган. 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида биринчи 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. 2022 йилда ҳам умумий қуввати 1 900 МВт бўлган 8 та қуёш электр станцияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 1 700 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш учун лойиҳа битимлари имзоланиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти катта илмий ходими, физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори Рустам АШУРОВ билан суҳбатимиз муқобил энергетика тизимларини амалиётга татбиқ этиш, бу жараёнда амалга оширилаётган ишлар, лойиҳалар ва экспертлар фикрига муносабатлар, Марказий Осиё умумҳалқа фаолияти хусусида бўлди.
– Дастлаб муқобил энергия манбалари ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Бу йўналишда қайси давлатларни илғор деб биласиз? Мамлакатимизда “яшил энергия”нинг улуши неча фоизни ташкил этади?
– Аввало, муқобил энергетика, хусусан, қайта тикланувчи энергетика нима эканлиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман. Бизда электр энергияси таъминоти асосан углеводородлар ёқилғиларига асосланади. Муқобил энергия анъанавий усулда электр энергия олишга муқобил сифатида амалиётга татбиқ этилган.
Қайта тикланувчи энергия деганда эса табиатдаги узлуксиз жараёнлар натижасида ўз манбаларини доимий қайта тиклаб турувчи энергетика тушунилади. Қуёш ва шамол энергетикаси, океан ва геотермал энергияси ҳам шу турга хосдир. Бу каби энергия олиш усули табиий жараёнлар билан уйғунлиги сабабли иқлимга сезиларли таъсир қилмайди.
Мен Германияни қайта тикланувчи энергия манбаларини амалиётга татбиқ этишда етакчи давлат сифатида кўраман. Дастлабки лойиҳаларга назар соладиган бўлсак, "Яшиллар" партияси Бундестагдан жой олганидан сўнг, Германияда атом электр станцияларини тўхтатиш масалалари кўтарилган ва уларга альтернатив – муқобил кўринишда биринчи марта “1000 та қуёшли том” лойиҳаси амалга оширилади, кейинчалик у юз мингга кўтарилди. Бу лойиҳа “Бир миллионта қуёшли том” дастурига айланади, яъни одамлар ўз-ўзини автоном равишда энергия ресурслари билан кенг қамровда таъминлаш маданиятини шакллантиради. Бу каби лойиҳалар илк маротаба Германияда давлат миқёсида – парламентда муҳокама қилинган ва дастурлар амалга оширила бошланган. Кейинчалик Европада қайта тикланувчи энергияларга муносабат кескин ижобий томонга ўзгарди. Сўнгра кўплаб давлатларда бу каби мақсадли дастурлар қабул қилина бошланди. Унинг ҳуқуқий базаси Германия ёки Европадан андоза олиниб келинмоқда. Кейинги пайтда Саудия Арабистони каби иқтисоди углеводородларга асосланган давлатларда ҳам бундай лойиҳалар анъанага айланяпти.
Мамлакатимизда “яшил энергия”нинг улуши ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда муқобил деганда, биз нефть ва газ, яъни углеводородлар улушидан ташқари бўлган ихтиёрий манбани оламиз. Сўнгги очиқ маълумотларга қараганда, 90 фоиз улуш углеводородларга тўғри келади. Яъни нефть, газ, мазут, кўмир ва шу каби анъанавий энергия ресурсларидир. 10 фоизи эса ГЭС каби қолган энергия генерациясининг ҳиссасидир. Лекин кичик ГЭСлар, кичик қуёш электр станциялари ва шамол генераторларининг аниқ улуши ҳақида бир нарса дея олмайман.
Айтиш жоизки, Ўзбекистонни 2030 йилгача электр энергия билан таъминлаш концепцияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат бўйича 2030 йилгача бизда аниқ қайта тикланувчи энергия манбалари улуши умумий элекр энергия ишлаб чиқаришнинг 30 фоизини ташкил қилиши керак. Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, 2030 йилгача бу 12 гегаваттгача чиқиши, унинг 7 гегаватти қуёш ва 5 гегаватти шамол энергетикасидир.
Буни Навоий вилояти Кармана туманида БААнинг “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда қурилган 100 мегаваттли қуёш электр станцияси мисолида кўришимиз мумкин. “Masdar” компанияси Шерободда қуриладиган ҚЭС тендерида ҳам ғолиб бўлди. Шундай динамика ва темпда кетадиган бўлса, лойиҳалар ўзининг амалий кўринишига эга бўлади, деган умиддаман.
– Таъкидлаганимиздек, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ва бу тизимни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айрим экспертлар бундай лойиҳалар давлатга анча қимматга тушиши, АЭСлар фаолияти ундан кўра унумли эканлигини таъкидлашади. Сизнинг муносабатингиз қандай?
– Биринчидан, иккита станцияни бир-бирига қарши қўйиш унчалик ҳам тўғри эмас. Ўзбекистон шароитида электр энергияси диверфикацияси жуда муҳим. Қайта тикланувчи энергия манбаларига нисбатан бунақа ишончсизлик билан қараш ёки уни самарасиз дейиш эса қачонлардир Ғарбда ёки ривожланган давлатларда бўлган эди. Бизга шу баҳсли ҳолатлар энди етиб келди. Аксарият экспертларнинг фактлари айнан 10 йил олдинги Ғарбдаги ҳамкасблари фикри билан бир хил. Ахир 10 йил давомида қайта тикланувчи энергия манбалари технологиялари ўзгарди. Буни улар ҳисобга олмаяпти.
Уларнинг эътирозлари асосан энергиянинг таннархи, энергия самарадорлик ва эксплуатацион харажатларга қаратилган. Қиммат деган фикрга қуйидаги изоҳни келтираман: Шерободдаги ҚЭС 1 киловатт-соат электр энергия ишлаб чиқариши 1,8 центга баҳоланган. Бу жуда арзон нарх ҳисобланади. Қуёш энергетикаси дунёда электр энергия учун паст нархлар борасида кетма-кет рекордларни қайд этмоқда. Дунёда бугунги кунда 1 киловатт-соат электр энергияга 1,4 цент нарх бераётганлар ҳам учрамоқда. АЭСда шунақа имконият ҳозир борми? Бугунги кунда нарх ва потенциал жиҳатдан қуёш энергетикаси олдинга ўтиб кетди. Буни яқин давр ичидаги маълумотлар асосида айтяпман. Иккинчидан, нархни солиштирганда жуда адолатсизликка йўл қўйишади. Бу ҳисоб-китоблар LCOE (Levelized cost of energy), яъни электр энергиясининг тенглаштирилган нархи орқали солиштирилиши керак. Айтайлик, мамлакатимизда қурилаётган иккита “ВВЭР 1200” реакторининг лойиҳа қиймати 10-12 миллиард доллар атрофида баҳоланган. Лойиҳа нафақат реактор ўрнатиш, балки унинг инфраструктураси, кадрлар тайёрлаш, фойдаланиш муддатидан кейинги консервацияси каби қатор вазифаларни ўз ичига олиши керак. Шунда лойиҳалашдан олдинги даврдан бошлаб унинг тугатилиши даври ва ундан кейинги даври ва ишлаш жараёнининг ўртача нархини олиб қараганда, АЭС қимматга тушади. Мен бу борада Ўзбекистон бўйича ҳеч қандай маълумот топа олмадим. Дейлик, Иорданияда илк маротаба “ВВЭР 1000” реактори қурилганда 200 миллион долларгача қўшимча харажатлар қилингани ҳақида маълумотлар бор. Франция ёки Германия бундай харажатлар қилмас, лекин ҳали атом инфраструктураси бўлмаган давлатларда шунақа катта харажат бўлади. Бунда адолатли ҳисоб-китоб бўладиган бўлса, қуёш электр станцияси анча арзондир.
Бу фикрлар асосан МДҲ ҳудудида, яъни ўзининг қайта тикланувчи дастурлари бўлмаган, АЭС ва углеводородлар энергетика ресурсларидан манфаатдор гуруҳлар томонидан келиб чиқяпти.
– Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда мазкур йўналишни ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қарор билан айнан шу йўналишда шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахсларга қандай имтиёзлар берилгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Ривожланган ва ривожлананаётган давлатларда ҳам доимий равишда янги технологиялар жорий қилиш жараёнида бундай имтиёзлар бериб турилади. Бу имтиёзлар ниманингдир ҳисобидан эмас, балки ўша соҳани ривожлантириш учун берилади. Ўзбекистонда ҳам айнан шундай имтиёзлар жорий қилингани қувонарлидир. Бу асосан ҳозирча солиқ имтиёзлари кўринишда бериляпти.
Қуёш қурилмалари ўрнатилганда ўша ерда маълум миқдорда солиқ имтиёзлари кўзда тутилган. Масалан, 0,1 мегаваттдан кўп бўлган қувватдаги станциялар ҳақида гап кетганда, бу ерда мулк солиғи ёки ер солиғидан ўша корхона озод қилинади.
Буларнинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистонда илк бор жисмоний шахс ўз уйига қуёш панелларини ўрнатиб, электр энергияси ишлаб чиқариб, унинг ортган қисмини давлатга сотди. Бу амалиёт ҳам оммалашади, деган умиддаман.
– Муқобил энергия манбаларидан қайси бири Ўзбекистон энергетикасини ривожлантиришда самарали, деб ўйлайсиз?
– Қуёш ва шамол электр энергияси Ўзбекистон учун самарали. Чунки мамлакатимиз қуёшли ўлка ҳисобланади. Юртимизнинг географик жойлашуви айнан шамол ва қуёш электр энергияси учун жуда мос.
Масалан, шамол генераторлари ҳақида гап кетадиган бўлса, шамолнинг йўналиши ва унинг эсиши ўрганилиши зарур. Қуёш ва шамол Ўзбекистон учун жуда истиқболли энергия манбаси, деб ҳисоблайман.
– Шу ўринда, ўзингиз фаолият юритаётган Ион-плазма ва лазер технологиялари институти ҳақида ҳам гапириб берсангиз. Муассаса фаолияти нималардан иборат?
– Материалшунослик соҳаси мутахассисиман. Материалшуносликнинг қуёш энергетикасига йўналтирилган соҳаси, яъни қуёш энергетикаси учун янги материаллар ёки қуёш энергетикасининг янги типдаги структуралари устида ишлаймиз.
Ион-плазма ва лазер технологиялари институтида ҳам асосий йўналиш материалшунослик бўлиб, янги материалларни синтез қилишдан бошлаб, амалиётга татбиқ этиш бўйича тўлиқ жараён амалга оширилади. Ҳозирги кунда юқори самарали қуёш ячейкаларини Ўзбекистонда яратиш бўйича тадқиқот олиб боряпмиз, чунки мазкур йўналишда хомашё синтези миллий технологияларини яратганмиз.
Бу жараён жуда мураккаб бўлиб, анъанавий қуёш элементлари ўрнига юпқа плёнкалар ўстирилади. Бунда ишлатиладаган хомашё транспортировкаси бироз хавфли. Мақсадимиз зарур хомашёни ўзимизда ишлаб чиқаришдир. Бизда мавжуд силан технологияси орқали SHJ қуёш элементларини олиш учун технология интеграцияси устида иш олиб борилмоқда. Ҳукумат дастури асосида Германиядан қиймати 2 миллион долларга тенг ўстирувчи кластер сотиб олдик.
Мазкур комплекс ишлар хомашёдан тортиб маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Лойиҳага кўра, ўзимизда ишлаб чиқариладиган хомашё юқори самарадорликка эга қуёш ячейкасини яратишда ишлатилади.
– Жорий йил 25 январь куни мамлакатимиз электр энергияси таъминотида жиддий узилиш кузатилди. Энергетика вазирлиги Марказий Осиё ягона энергетика тизимида авария ҳолати юзага келганини маълум қилди. Ана шу ягона тизимнинг фойдали ва салбий томонлари нималардан иборат?
– Марказий Осиё энергетика халқаси собиқ тузум даврида ташкил қилинган. 40 миллионга ҳам етмаган минтақа аҳолиси истиқомат қиладиган энг зич ҳудудларни қамраб олиш, уларни самарали равишда арзон энергия билан таъминлаш учун мана шу лойиҳа амалга оширилган. Бугунги кунда у Қирғизистон, Ўзбекистон ва жанубий Қозоғистонни ўз ичига олади. Шимолий Қозоғистон эса ҳалқаси Россияга уланган.
Ушбу давлатлар электр энергияни бир-бири билан алмашган ҳолда, умумий ҳалқага эга бўлиб турибди. Бу ҳалқада Туркманистон ва Тожикистон ҳам бўлган. 2000 йил бошларида улар кетма-кет бу ҳалқадан чиқиб, алоҳида инфраструктура қилиб кўрди. Бу қимматга тушгани учун кейинчалик, 2000 йилнинг иккинчи декадасида яна шу ҳалқа концепциясига қайтди. Электр энергияни ўзаро алмашган ҳолда фойдаланиш арзонга тушади.
Мустақил энергетикамиз бўлсин десак, бу жуда қимматга тушади. Биз ё унисига, ё бунисига кўнишимизга тўғри келади.
Энергия ҳалқанинг ўзига келадиган бўлсак, унинг инфраструктураси эскирган. Умумий ҳалқани фойдали дедим. Менинг фикримча, мустақил энергия тизими бўлгани яхши. Бироқ, бунга жуда катта маблағ зарур. Мустақил бўлган ҳолда қанақадир бир “ветка”ни қўйишимиз мумкин. Яна бир нарсани инобатга олиш керакки, мамлакат иқтисодиётида қайта тикланувчи энергия улуши қанча катта бўлса, энергетика шу даражада мустақил бўлади. Келишмовчиликларда қарши ишлатиладиган манба бу – электр энергия ресурсларидир. Бундай ҳолат жаҳонда кўп кузатилмоқда. Бу – геосиёсат дейилади. Қайта тикланувчи манбалар эса ушбу сиёсатдан йироқдир.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/307qoUdR3cE" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди, Ёқуб МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА.