Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, ўз истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда ўтказилаётган қатор кўрик-танловлар, санъат, спорт фестиваллари ёш истеъдод соҳибларининг камол топишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, иқтидорли ва фаол қизларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган Зулфия номидаги давлат мукофоти танлови ўтган йиллар давомида фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ҳамда жамоатчилик фаолияти йўналишларида юзлаб ёш иқтидор соҳибаларини кашф этди. Жумладан, ўтган йиллар давомида юртимизнинг кўплаб иқтидорли қизлари ана шу юксак мукофот соҳибига айланди.
Андижонлик Рушана Рустамова ҳам таълим йўналишида ушбу мукофотга сазовор бўлган Зулфияхонимнинг муносиб издошларидан биридир.
Рушана Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини, сўнг Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистратурасини тамомлади. Меҳнат фаолиятини Жалақудуқ туманидаги 17-сон айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган мактабда ўқитувчиликдан бошлади. Бир муддат Ёшлар ишлари агентлиги Жалақудуқ туман бўлими бошлиғи вазифасида ишлади. Андижон шаҳрида Президент мактаби ташкил этилганида танловга қатнашиб, ўқитувчиликка қабул қилинди. Кўп ўтмай маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимига ўтказилди.
Карийб 12 йилдан буён таълим тизимида самарали фаолият юритиб келаётган Рушана Рустамова 2016 йилда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловининг республика босқичида 2- ўринга сазовор бўлган.
Рушана Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан ташкил этилган “Замонавий мактаб лидерлар нигоҳида” мавзусидаги семинар-тренингларда тренер сифатида машғулотлар олиб боради. Шунингдек, Президент мактабининг “Foresight” журнали бош муҳаррири бўлиб, таълим муассасасидаги бой тажрибалар, илғор таълим методлари, таълим соҳасидаги янгилик ва илмий изланишларни оммалаштиришда ҳам фаоллик кўрсатиб келади. Бундан ташқари, қатор республика ва хорижий нашрларда унинг таълим сифатини ошириш, соҳани ривожлантиришга оид кўплаб мақолалари чоп этилган.
Мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, ёш авлодни соғлом ва баркамол вояга етказиш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги самарали фаолияти учун Рушана Рустамова “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган.
У айни кунда Андижон давлат педагогика институтининг мустақил тадқиқотчиси сифатида “Президент мактабларидаги танқидий фикрлаш ва тадқиқотга асосланган ўқитиш методларини умумий ўрта таълим мактабларига жорий этиш технологияси” мавзусида илмий-тадқиқот ишини олиб бормоқда.
Ҳозирда Рушана Рустамова фаолият олиб бораётган Андижон шаҳридаги Президент мактабида 163 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 30 нафардан ортиқ малакали ва тажрибали ўқитувчилар билим бермоқда. Ўқитувчиларнинг 10 нафари хориждан таклиф этилган халқаро тоифадаги педагоглардир.
[gallery-21874]
Ўтган ўқув йилида мактабни тамомлаган 24 нафар ўқувчининг 21 нафари Халқаро тил билиш даражаси сертификати (IELTS)дан ўртача 7 баллни қўлга киритди, 19 нафари SAT имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, юқори натижаларни қайд этди, 16 нафар битирувчи эса етакчи хорижий университетларнинг умумий қиймати 4 миллион 903 минг 932 АҚШ доллари миқдорида грантга эга бўлди.
Мактабнинг кўплаб ўқувчилари умумтаълим фанлари бўйича юртимиз ва халқаро олимпиадаларда, танлов ва мусобақаларда муваффақиятли иштирок этди. Масалан, Дилёрбек Валижонов Миср давлатида информатика фанидан ўтказилган “Осиё-Тинч океани олимпиадаси”да, Индонезия давлатида ўтказилган информатика фани бўйича 34-халқаро олимпиадада иштирок этди. Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Олмаота шаҳрида ўтказилган математика, физика ҳамда информатика фанларидан ташкил этилган 19-халқаро Жаутиков олимпиадасида кумуш, Венгриянинг Сегед шаҳрида ўтказилган 35-халқаро информатика олимпиадасида бронза медалларини қўлга киритди. У Ўзбекистон тарихида халқаро информатика олимпиадасида медальга сазовор бўлган юртимизнинг илк ўқувчиси бўлди.
Бундан ташқари, мактабнинг 12 нафар ўқувчиси ўтган йили ихтисослаштирилган таълим муассасалари Агентлигининг STEM фанлари бўйича ташкил этилган олимпиаданинг вилоят босқичида 1-, 2- ва 3- ўринларни қўлга киритди. Жорий ўқув йилида ўтказилган фанлар олимпиадасида эса 3 нафар ўқувчи совринли ўринларни қўлга киритди.
Мактаб битирувчиси Муштарийбону Назарова немис тили бўйича фан олимпиадасининг республика босқичида 3-ўринга сазовор бўлган бўлса, 11-синф ўқувчиси Имронбек Қосимов Малайзияда бўлиб ўтган халқаро “Euroasian Spelling Bee Lexical Skills” танловининг финал босқичида ғолиб бўлиб, олтин медальни қўлга киритди.
Андижон шаҳридаги Президент мактаби 2023 йилда Халқаро мактаблар Кенгаши (CIS) аъзолигига қабул қилиниб, унинг фаолияти халқаро даражада эътироф этилди.
Мухтасар айтганда, мактаб жамоаси, ўқувчилари эришаётган ютуқ ва муваффақиятларда Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Рушана Рустамова сингари ўз ишининг билимдони бўлган, фаол ва фидойи педагогларнинг муносиб ҳиссаси бор.
Фахриддин Убайдуллаев, Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари