Юртимизда инсон қадрини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг алоҳида қатламлари — аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлар бўйича табақалаштирилган ҳолда энг муҳтож оилаларни холисона баҳолаш ва рўйхатини шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ҳисобга олиш ва манзилли қўллаб-қувватлашнинг янги миллий модели жорий этилди. Давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатишни рақамлаштириш имконини берувчи “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, Президентимизнинг тегишли қарорига асосан, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун онлайн ариза бериш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” тизими бўйича барча ҳудудда ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Ўрганишлардан келиб чиқиб, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да ҳисобга олинган 2 миллион 100 минг оилани қайта инвентаризациядан ўтказиш ва реал ҳолатни аниқлаш кўзда тутилган.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ўрганишлар партия маъсуллари, депутатлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида муҳокама қилинмоқда. Яқинда ташкил этилган ана шундай муҳокамаларда соҳада бир қатор камчилик ва хатоликлар борлиги айтилди. Ижтимоий ҳимояга оид турли саволларга жавоб берилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VlWpnqMx_tU" title="Ruhiy kasalligi boʻlgan fuqaroga alohida uy beriladimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Хусусан, тадбир иштирокчиларидан бири оиланинг руҳий касаллиги бўлган аъзоси учун алоҳида уй бериладими, бунинг тартиблари қандай, деган саволни ўртага ташлади. Бунга жавобан руҳий касал фуқароларнинг ўзига алоҳида уй берилмаслиги, бу мумкин эмаслиги айтилди.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга. Аммо унинг шаффофлигини таъминлаш, ҳақиқий эҳтиёжманд аҳоли вакилларига кўмаклашиш мақсадида муҳтож оилаларни холисона баҳолаш ва рўйхатини шакллантириш лозим бўлади.
Муҳтарама Комилова,
Искандар Исматов (видео), ЎзА