Ўрта Чирчиқда етиштирилаётган экспортбоп инкубацион тухумларга хориж бозорида талаб катта
Келгуси йилнинг биринчи чорагига қадар яна 5 та цехни ишга туширилади.
Халқимизда товуқ “Етти хазинанинг бири” деган гап бежиз айтилмаган. Мазкур соҳа аҳолини сифатли ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, тухум ва пархезбоп гўшт билан таъминлашдаги беназир ҳиссаси туфайли ана шундай таърифларга сабаб бўлган, албатта.
Тошкент вилоятида ҳам паррандачилик хўжаликлари кенг ривожланмоқда. Ўрта Чирчиқ туманида фаолият юритаётган “NAVOBOD NASLLI PARRANDA” паррандачилик хўжалиги ҳам соҳада йирик лойиҳаларни амалга ошириб, аҳоли эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларини етказиб бермоқда.
– Хўжалигимиз ҳозир мамлакатимизда етиштирилаётган паррандачилик, хусусан инкубацион тухум маҳсулотларининг 20 фоизини етиштириб бераяпти, – дейди фермер хўжалигининг Ўрта Чирчиқ филиали бошқарувчиси Рустам Саидов. – Хусусан, 50 гектар майдонга эга бўлган бу улкан корхонамиз 1967 йилда паррандачилик фабрикаси сифатида барпо этилган бўлиб, кейинги йилларда қарийб ташландиқ ҳолга келиб қолган эди. Ўтган йили бу ерлар – эски паррандачилик корхонаси фермер хўжалиги тасарруфига олиниб, филиал сифатида иш юрита бошлади.
Мутахассисларнинг саъй-ҳаракатлари билан хориждан энг замонавий ускуналар келтирилди. Жумладан, “VID NECHMAN” фирмасининг паррандаларни озиқлантириш, ем ва сув билан автоматик тарзда таъминлайдиган ҳамда тухумларни йиғиб оладиган комплекси, Нидерландиядан келтирилган “SANONO” тухум саралаш қурилмалари ҳамда Венгриядан “ROSS-308” зотли она товуқлар келтирилган ҳолда босқичма-босқич 45 та ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди.
Ушбу жараёнларнинг тўлиқ автоматлаштирилгани сабабли, цехда бу ишларнинг барчасини биргина мутахассиснинг ўзи бемалол бажара олади. Келгуси йилнинг биринчи чорагига қадар яна 5 та цехни ишга туширилади. Натижада корхона тўла қувват билан ишлаб, она товуқлар сони 300 минг бошга етади ва йилига 40 миллион дона инкубацион тухум етиштириш имкониятига эга бўлади.
Мазкур паррандачилик хўжалиги филиали ҳозирданоқ мамлакатимиздаги инкубацион бройлер хўжаликларидан ташқари қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатларига катта миқдорда инкубацион тухумлар экспорт қила бошлади. Яқинда эса улар сафига Афғонистон ҳам қўшилди.
Бунга қадар бу турдаги маҳсулотлар асосан Туркия ва бошқа хориж давлатларида етиштирилиб, бизнинг бозорларгача кириб келган бўлса, эндиликда Ўрта Чирчиқ туманида етиштирилган инкубацион тухумлар жаҳон бозорини эгаллай бошлади.