«Роза Хутор»: тарихга назар, стрессга қарши терапия
Об-ҳаво бироз булутли бўлишига қарамай, журналистлар учун «Роза Хутор» тоғ-чанғи дам олиш масканига уюштирилган пресс-турнинг учинчи куни қизиқ воқеалар ва ёрқин таассуротларга бой бўлди.
Дастлаб журналистлар профессионал авария-қутқарув бўлими бошлиғиКонстантин Тябин билан суҳбатлашди. У 2009 йилдан буён мазкур дам олиш масканида фаолият юритади ва ўз атрофида чинакама малакали мутахассисларни тўплаган. Тоғ патрули нафақат қутқарувчиларни, балки чанғи патрули, трассалар хизмати ҳамда тез ёрдам бригадасини ҳам ўз ичига олади. Жавобгарлик ҳудуди кадастрли, курорт зонаси. Бу хизмат ходимлари ҳар икки йилда бир марта ФВВ Комиссиясининг қайта аттестациясидан ўтади ҳамда қутқарувчи-услубчилар томонидан ўтказиладиган ўқув машғулотларда қатнашади. Қишда улар иш билан машғул бўлса, ёзда ўқув-тактик машғулотларда иштирок этади.
Шундан сўнг журналистлар қор тозаловчи машиналар операторлари хизмати билан танишиш учун кейинги объектга ташриф буюриб, бўлим раҳбари Александр Мороз билан суҳбатлашди. Бу хизмат сунъий қор ҳосил қилиш хизмати билан ҳамкорликда ишлайди. Хусусан, операторларнинг иши сунъий қор ҳосил қилиш ишлари якунланганидан сўнг бошланади, чунки муҳим вазифалардан бири табиий қор йўлларини ясама қорлар билан бир хил текислашдан иборат. Қиш мавсумида иш қизғин бўлади, ёзда хизматнинг барча техникалари техник регламентга ўтади. Бу ерда қишда жами 52 (ёзда 21 та) нафар оператор ва 11 нафар омбор ходими меҳнат қилади. Ходимларнинг 90 фоизи бу ерда 10 мавсумдан буён фаолият юритиб келмоқда. Хизмат иши кечки пайт, ҳар бир операторга иш участкалари белгилаб берилиб, махсус техникалар тақсимланганда бошланади. Операторларнинг вазифаси – йўл қопламасини шакллантириш ва йўналишларни режалаштириш. Бу ишларни эрталаб соат 7 гача бажариб улгуриш керак. Ҳар мавсумдан олдин дам олишга меҳмонларни жалб қилиш мақсадида Ратраклар (махсус қор машиналари) шоуси уюштирилади. Дарвоқе, «Роза Хутор» дам олиш масканининг барча ходимлари бўш вақтларида чанғи ва бордларда учади.
[gallery-15047]
Тоғларда спорт билан дам олиш ҳамда ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилганини ҳисобга олиб, 1951 йилда Францияда Чанғи учувчи журналистлар халқаро клуби ташкил этилганини қайд этиш лозим. Ўшандан буён дунёнинг 34 та мамлакати ушбу клуб аъзоси бўлди, ҳар йили клуб аъзоларининг учрашувлари, турли мусобақалар ўтказилади. Пресс-тур иштирокчилари орасида бу клубнинг қозоғистонлик вакиллари ҳам бор эди. Улар 2024 йилда Олма-ота шаҳрида бўлиб ўтадиган мазкур клубнинг навбатдаги учрашувига тайёргарлик ҳақида маълумот берди. Бундан ташқари, улар спортнинг қишки турлари бўйича ҳаваскор журналистлар учун Ўзбекистонда ҳам ана шундай клуб ташкил қилиш ва мазкур клубга аъзо бўлишни таклиф этишди.
Пресс-тур «Пача мама» Альпак боғида давом этди. Пача мама – Перу мифологиясидаги санамлардан бири, ер ва ҳосилдорлик ҳомийси. Баъзи афсоналарга кўра, у инсониятнинг аждодидир. Унинг рамзи – чакана деб аталувчи инка хочининг юқори қисми.
Боғ шу йилнинг август ойида ўз фаолиятини бошлади. Кавказ тоғлари орасидаги шинамгина фермада ажойиб альпакалар, ёқимтой қуёнчалар ва қўйларга кўзингиз тушади. Боғ ходимларининг сўзларига кўра, ушбу боғ анъанавий ҳайвонот боғларидан мутлақо фарқ қилади. Бу ерда ҳайвонларни силаш, овқатлантириш, қуёнчаларни ҳатто қўлга олиш ҳам мумкин. Ёқимтой тумшуқчали момиққина жониворни қўлга олишнинг ҳисси барибир ўзгача. «Пача Мама» боғи бўйлаб саёҳат қилишни стрессга қарши терапия деб аташ мумкин. Жониворлар билан мулоқот қилиш инсон ҳиссиётларига ижобий таъсир кўрсатиши аллақачон исботланган. Болалар учун эса, бу ниҳоятда муҳим.
Навбатдаги ташриф маскани Роза хиёбонидан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашган “Маданиятлар чорраҳаси” шиори остидаги Археология музейи бўлди. Музейга тоғ-чанғи дам олиш масканининг бешта энг катта кўприкларидан бири бўлган Романов кўприги орқали ўтилади. Кўприк номи 1864 йилда Кбааде тоғ қишлоғида Кавказ уруши тугаганини эълон қилган буюк князь Михаил Николаевич Романов шарафига қўйилган. Музей ҳақида гапирадиган бўлсак, у «Роза Хутор» ҳудуди, Мзимта дарё ҳавзаси тарихи ва Тош асридан то ҳозирги кунгача бўлган давр ҳақида ҳикоя қилади.
Музейда дам олиш масканининг Олимпия қишлоқчаси қурилиши пайтида топилган экспонатлар: қуроллар, турли даврларга оид уй-рўзғор буюмлари, артефактларнинг ҳар хил нусхалари намойишга қўйилган. Уларнинг айримларини янги ва 3D моделлаштириш технологиялари ёрдамида асл кўринишида кўриш ҳам мумкин. Интерфаол комплекслар тош асрига оид ҳайвонлар, ўрта асрлардаги Кавказ қишлоқчасининг ҳаёти ва бошқа кўплаб қизиқарли ҳодисалар ҳақида маълумот беради.
Бу ердан Краснодар ўлкасидаги Қора денгиз соҳилининг энг катта ва энг серсув Мзимта дарёси оқиб ўтади. Дарё Кавказ тизмасининг жанубий ён бағрида Лоюб тоғи ҳудудида 2980 метр баландликдан бошланади. Одатда дарёлар қўлларга қуйилади, Мзимта дарёси эса, шиддатли оқимини ундан олади. Бу ерда яшаган қадимги қабилалар тилларидан ўзлаштирилган Мзимта сўзи “шиддатли сув” деган маънони билдиради ва бу ном жуда тўғри берилган, чунки бу кўпикли сувларни тик қояли қирғоқлар орасидан шиддат ва шовқин билан кўчириб юрадиган бўронли дарёдир.
Дам олиш маскани «Роза Хутор» деб номланишининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 1886 йилда Эстониядан 30 дан ортиқ оилалар яхши жой излаб Красная Полянага кўчиб келган. Улар алоҳида қишлоққа асос солади ва у ҳозирги кунда Эстосадок деб аталади. Адул Рооза исмли эстониялик кўчманчилардан бири чекка қўрғончага бориб жойлашади ва одамлар унга Рооза қўрғончаси деб ном беради. Афсуски, қўрғонча бизгача сақланиб қолмаган, бироқ унинг номи бироз ўзгарган ҳолда ҳозирги кунгача етиб келган. Бугунги кунда Аибга этагидаги ясси тоғ ва «Роза Хутор» дам олиш маскани шундай аталади.
Алпомиш Машрабхонов, ЎзА.
Россия, Сочи шаҳри