Россиялик шифокорлар Самарқандга келди
Айни пайтда юртимизда коронавирусга қарши курашда ҳамкорликда ишлаш учун Россиядан бир гуруҳ мутахассислар келган.
Айни пайтда юртимизда коронавирусга қарши курашда ҳамкорликда ишлаш учун Россиядан бир гуруҳ мутахассислар келган.
Мазкур гуруҳ аъзоларининг тўрт нафари Самарқандда бўлиб, вилоятда COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни даволаш, касалликнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
– Самарқандлик ҳамкасбларимизнинг фаолиятини кузатиб, улар беморларни даволашда юқори самарали усуллардан фойдаланаётганига гувоҳ бўлдик, – дейди Р.Канцеров. – Дори-дармон ва даво муолажалари тўғри танланган. Тиббиёт ходимлари ва беморлар учун яратилган шароитлар ҳам бугунги кун талаблари даражасида. Айниқса, Самарқанд шаҳридаги даволаш ва тақсимлаш марказида яратилган имкониятлар жуда қулай ва самарали экан. Бу ерда марказлашган ҳолда беморларнинг кислород билан таъминланаётгани яхши тажриба.
Россиянинг нуфузли тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган мутахассислар Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов билан учрашиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг фаолияти, улар эришаётган натижалар ҳақида ҳам ўз хулоса ва фикрларини билдирди.
Учрашув чоғида айни пайтда Россияда коронавирус инфекциясига қарши яратилган вакцина ва оммавий эмлаш жараёнига тайёргарлик ҳақида ҳам сўз юритилди. Ушбу йўналишда ҳам ҳамкорликда ишлаш юзасидан таклифлар баён этилди.