Россия - Украина: Вашингтон учрашувлари…
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ етакчиси Жо Байденнинг таклифига биноан Вашингтонда бўлиб турибди. Америка оммавий ахорот воситалари мазкур сафарни кенг ёритмоқдалар.
Зеленский Оқ уй раҳбари билан учрашувда Украина атрофидаги зиддиятнинг ечими учун Америка раҳбарияти унинг таклифларини қўллаб-қувватлаши учун саммит ўтказилиши кераклигини айтди.
«Халқаро ҳуқуқ тартиботини тиклаш – бизнинг ҳамкорликдаги вазифамиз. Албатта, бизга тинчлик зарур», деди у.
«Бизнинг «тинчлик формуламиз» 10 банддан иборат бўлиб, келаси ўн йиллик кафолатини белгилаб берадиган ҳамкорликдаги хавфсизликни ўз ичига олади. Байден менинг саммит ўтказиш ташаббусимни қўллаганидан миннатдорман», деб қўшимча қилди у.
Матбуот анжуманида «Биз учун, ҳамма учун дунё турлича адолатли. Мен учун адолатли дунё бу ерларимиз, ҳудудий яхлитлик, бизнинг суверенитетимиз борасида ҳеч қандай муросага борилмайди, бу энг муҳими», деб баёнот берди.
«Украина етакчисининг муваффақият қозониши учун Қўшма Штатлар имкони даражасида барча ишларни қилади», деди ўз навбатида Байден матбуот анжуманида.
Оқ уй раҳбари «АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Украинага қурол-яроғ етказиб бериб, Россия билан уришишга ёки учинчи жаҳон урушини бошлашга интилмаяптилар, деди.
«Менга ишонишларингни истардим, мен европалик иттифоқдошларимиз ва бу давлатлар раҳбарлари билан соатлаб бу мавзуда суҳбатлашганман. Уларнинг ҳеч бири Россия билан урушни хоҳламайди, учинчи жаҳон урушини истамайди», қўшимча қилди Америка етакчиси.
АҚШ Конгресси палаталарининг қўшма йиғилиши олдин Зеленский америкалик конгрессменларга Украина байроғини туҳфа қилди. Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси жавоб тариқасида унга АҚШ байроғини ҳадя қилди.
Конгрессдаги ярим соатлик нутқида «америкалик аскарларнинг Украина учун жангга кирмаслигини сўради», чунки деди у «Украина Қуролли кучлари «Америка танклари ва самолётларидан фойдаланишни биладилар».
Шунингдек, Зеленский Конгрессга мурожаат қилиб, аввалдан ажратилаётган молиявий кўмак учун миннатдорлик билдирди ва уни янада кўпайтиришни сўради.
Украина Президенти Сенат ва Вакиллар палатаси фракциялари билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
«The Telegraph» газетасининг шарҳловчиси Хэмиш де Бреттон-Гордон Зеленскийнинг АҚШга сафари айрим Ғарб давлатларининг Украина атрофидаги можародан чарчаганликларини кўрсатмоқда.
«Киев жиддий қийинчиликларни бошидан кечирмоқда. Ғарбнинг бундан кейин Украинани қўллаб-қувватлаши ҳақида хавотирларни келтириб чиқармоқда».
Шарҳлов Бреттон-Гордоннинг фикрича, «Украина атрофидаги зиддиятнинг чўзилиши Президент Жо Байден ва Буюк Британия Бош вазири Риши Сунакнинг қайта лавозимларига сайланишлари имконини кескин пасайтиради».
Аброр ХОН, ЎзА