Россия тажрибаси ўрганилмоқда
Жорий йил 16 август куни Мактабгача таълим вазирлигида «Замин» халқаро жамғармаси билан ҳамкорлик меморандуми доирасида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дмитрий Рогачев номидаги болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси илмий-тадқиқот марказининг болаларни стационар тиббий муассасаларда ўқитиш бўйича вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Россиядаги шифохона- мактабларнинг «Биз биламиз» лойиҳаси раҳбари Сергей Шариков шифохона педагогикаси бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
Ҳозирги вақтда таълимнинг бундай модели Ўзбекистонда татбиқ этилмаган.
Мактабгача таълим вазири Aгриппина Шиннинг таъкидлашича, ушбу лойиҳанинг Ўзбекистон Республикасида амалга оширилиши узоқ муддатли даволанаётган саратон касаллигига чалинган болаларга ўқув дастурини бошқа тенгдошларидан қолишмасдан ўзлаштиришга ва кейинги босқичларда ўқишни давом эттиришга имкон беради. С.В. Шариковнинг айтишича, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик бемор болаларни қўллаб-қувватлашга имкон беради, улар учун ижобий энергия ва иштиёқни олиш муҳим, чунки онкология – бу ҳукм эмас, болаларга яшаш ва касаллик билан курашиш учун мақсад керак.
М.Қосимова,ЎзА