Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алексей Ерховни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган ҳолда изчил ривожланиб бораётгани, олий даражадаги мунтазам учрашувлар ва самарали мулоқотлар икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Ўз навбатида, А.Ерхов Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларни юқори баҳолади. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам мулоқот муносабатларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратаётганини айтиб ўтди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этгани Ўзбекистоннинг минтақадаги геосиёсий роли ва кўп томонлама ҳамкорликка бўлган устувор йўналишини янада мустаҳкамлашини қайд этди. Ўзбекистон етакчисининг Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти билан тақдирланиши Марказий Осиёни тинчлик, фаровонлик ҳамда бунёдкорлик маконига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг эътирофи бўлганини таъкидлади.
Мулоқотда икки давлат парламентлари ҳамкорлик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва уни янада кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думасининг Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиясининг учинчи йиғилишини ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
М.Комилова,
ЎзА