Ромитанликлар пахта топшириш режасини бажарди
Бухоро вилояти Ромитан тумани бўйича 194 та терим отрядига бирлашган маҳаллаларнинг уюшмаган аҳолиси, фидойи ёшлар отрядлари, фермер хўжалиги аъзоларидан иборат теримчиларнинг қилган меҳнати натижасида кўзланган хирмон яратилди.
Вилоятда иккинчи бўлиб 41 минг 600 тонналик режа ортиғи билан 100,1 фоизга уддаланди. Ўтган йилга нисбатан ҳар гектаридан 5-6 центнердан юқори ҳосил олишга эришилди.

Бугунгача фермер хўжаликларининг 85 фоизи маррага етиб келган бўлса, уларнинг аксарияти биринчи теримдаёқ ваъдани бажарди.
Мавсум давомида терим пулини ўз вақтида узлуксиз етказиб бериш чораси кўрилди. Ҳашарчиларни рағбатлантириш мақсадида мавсум давомида илғор теримчи ҳамда отряд раҳбарларига туман ҳокимлиги ва қатор давлат, жамоат ташкилотларининг қимматбаҳо совғалари бериб борилди.

Агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилгани туфайли далаларда кўзни қувонтирадиган мўл ҳосил яратилди.
Туман пахтакорлари фақат шартномани бажариш билан чекланиб қолмай, даладаги ҳосилни сўнгги мисқолигача йиғиб-териб олишни ният қилган.
Зариф Комилов, ЎзА