Риштоннинг жаҳон тан олган кулолчилиги
Маданий мерос ҳафталиги доирасида Риштон кулолчилигига бағишланган кўргазма ташкил этилди. Унда машҳур кулолларнинг ўзлари ҳам иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда Фарғона водийсининг машҳур кулолчилик маркази – Риштон туманида Халқаро кулолчилик маркази очилди. Шу муносабат билан "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳаси томонидан "Риштон кулолчилиги" китоб-альбоми тайёрланди.
Китоб-альбом тақдимоти ва кўргазманинг очилиши International Hotel Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Унинг тақдимоти Маданий мерос ҳафталиги ва "Ўзбекистон маданий мероси – Янги ренессанс пойдевори” V халқаро конгресси доирасида ўтказилди.
[gallery-3892]
Шу билан бирга тақдимот давомида усталар томонидан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.
Риштон кулолчилиги ўз мактаб ва анъаналари, услуби, йўналишига эгадир. Моҳир усталарнинг бир қатор сулолавий авлоди Риштон кулолчилиги бўйича самарали фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда Риштон кулолчилиги дунё тан олган, эътироф этган ва катта қизиқиш кўрсатаётган санъат, десак муболаға бўлмайди.
Тадбирда Риштон кулолчилигига бағишланган китоб-албом тақдимоти ўтказилди. Риштон кулолчилигига бағишланган бадиий кўргазма хорижлик меҳмонларга ғоят манзур бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА