
Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбиркор Қодирали Қосимов саъй-ҳаракати билан 300 гектар ерга писта, ўрик, гилос кўчатлари экиб, парваришланмоқда. Ниҳоллар ривожидан кўз қувнайди, дил яйрайди.
– Харид учун дўконга кирдим,-дея хотирлайди Қодирали боғлар оралаб.–Сотувчидан писта нарх-навосини сўрадим, қиммат экан, ололмадим. Бу табиий, чунки мевалар бизга четдан импорт асосида олиб келинаётгани боис дўкондорга эътироз билдирмай ортимга қайтдим. Шундан сўнг, бу неъматни маҳаллий шароитда етиштириш ғояси тинчлик бермай қўйди. Интернет орқали боғлар яратиш билан боғлиқ иш тажрибаларни ўрганиб, ўз томорқамда синовдан ўтказдим. Натижалар кутилгандек самара берди. “Пандиган” маҳалла фуқаролар йиғинида писта кўчатчилиги, 1200 квадрат метр жойда Калифорния қизил чувалчанги парваришлаш, биогумус тайёрлашни йўлга қўйдик. Бу йирик писта кўчатлари плантациясини ташкил этишда озуқа вазифасини ўтади.


Асрлар давомида сувсизлик, эътиборсизликдан қаҳраб ётган, тош-шағал ерларда икки юз метр чуқурликдан оқиб ўтган, Сўх дарёсига икки кўтармали сув насослари ўрнатилди, умумий ҳажми 16 минг метр куб сув сиғимига эга бўлган 4 та сунъий сув сақлаш ҳовузлари қурилди, томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш механизмлари ўрнатилди. Ўтган йили 157 гектар ер ўзлаштирилиб, 141 минг туп писта, 54 мингга яқин кўрик, гилос, шафтоли, нок кўчатлари экилди.

Тошда гул ундириб, оламга гўзаллик ифорини таратаётган “Agro cold service drop” масъулияти чекланган жамияти боғбонларига қўриқ ерларни ўзлаштириш осон кечаётгани йўқ, албатта. Бу ерда умумий узунлиги 3 километрдан ортиқ йўл қурилди, 5 километр масофадан электр тармоқлари олиб келинди. Ерларни текистлаш, унумсиз қатламини олиб ташлаш, маҳаллий ўғитлар билан бойитиш билан боғлиқ мавсумий ишлар амалга ошириляпти.
Бир гектар ерда пистазор ташкил этиш учун 270 дона кўчат экилади. Бу оддий мевалари боғлар нисбатан юз ҳиссадан ортиқ даромад беради, минг йилга қадар яшайди.

Ўтган баҳор мавсумида саралаб экилган писта кўчатлари туп олиб, бўй чўзмоқда. Тўрт-беш йилда ҳосилга киради. Бир килограмм маҳсулотнинг чакана нархи ўрта ҳисобда 100 минг сўм эканлиги ҳисобга олинса, 141 минг туп ниҳолдан келаётган даромад салмоғини чамалаб олиш қийин эмас.
– Пистачилик ривожланган мамлакатларда бу ҳосиятли дарахтдан кўрилаётган наф жуда юқори. Шу боис уни тилло, ҳаёт дарахтига қиёслашади,– дейди “Agro cold service drop” МЧЖ раҳбари Қодирали Қосимов.– Айниқса, форс мамлакатларида уни бойлик, мўл -кўлчилик рамзига қиёслашади. Унинг мағзида 60 фоизгача мой, 20 фоиз оқсил, қанд ва бошқа фойдали микроэлементлар мавжуд. У қурғоқчилик, юқори ва паст ҳарортда ўсишга мойил. Бу йилги кўкламда яна 20 минг туп кўчат экдик. Оддий усулда экилган кўчатлар 11-12 йилда ҳосилга киради. Биз янги технологиялар асосида кўчат етиштиришга эътибор қаратяпмиз. Кўчатхонлардаги ниҳоллар иккинчи йилда навдор кўчатлардан олинган куртаклар билан пайвандлангач, учинчи йили очиқ майдонларга экамиз. Бу технология асосида экилган кўчатлар 7-8 йилда мева тутади. Яхши ўсиб, ривожланган бир туп дарахтдан босқичма-босқич 40-50 килограммгача ҳосил олиш мумкин.

Иссиқхонада кўчат етиштириш, пайвандлаш йўналишларида “Агромактаб” ҳам ташкил қилинган. Истиқболли лойиҳалар дастурига кўра, писта ва бошқа турдаги кўчатларни инвитро усулида кўпайтиришга ихтисослашган лаборатория қуриш режалаштирилган. Янги лойиҳа бир вақтнинг ўзида бир миллион туп кўчат етиштириш, эҳтиёждан ташқари маҳсулотларни бошқа хўжаликларга етказиб бериш, қўшимча иш ўринлари яратиш имкониятини беради.
М.Сулаймонов, ЎзА