Риштон янада обод бўлиб, туризм масканига айланмоқда
Риштон – Буюк Ипак йўлида жойлашган Фарғона водийсининг энг қадимги масканларидан.
Риштон – Буюк Ипак йўлида жойлашган Фарғона водийсининг энг қадимги масканларидан.
Оддий соз тупроқдан мўъжиза яратаётган риштонлик кулоллар меҳнати асрлар давомида дунё халқларини ўзига ром этиб келади.
Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров сектор раҳбарлари билан мазкур туманда бўлиб, ҳудудда олиб борилаётган ислоҳотлар ва аҳоли турмуш тарзи билан танишди.
Дастлаб “Риштон-Япония" маданий иқтисодий алоқалар маркази қошида Ғанишер Назиров ташаббуси билан ташкил этилган “Норико Пак ккую” ўқув тўгараги тингловчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Нигора Шодиева, Шоҳсанам Шаропова, Муқаддас Абдураҳмонова, Одина Абдуллаевалар мазкур марказнинг битирувчилари. Энди улар Японияга ўқишга боришади.
Вилоят раҳбари ёшлар билан суҳбатлашар экан, билим ва тафаккурларини бойитиб, келажакда ўз юрти учун муносиб фарзанд бўлишларига ишонч билдирди. Айтиш жоизки, бу масканда япон тилини мукаммал ўрганган бир қатор ёшлар ҳозирда Япониянинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олишмоқда. Ўқув марказидаги шарт-шароитларни янада яхшилаш мақсадида вилоят ҳокими томонидан лингафон хонасини ташкил этиш таклифи билдирилиб, керакли жиҳозлар совға қилинди.
Хайрулло Бозоров тадбиркор Равшан Тожиддинов раҳбарлик қилаётган “Р+Корон” корхонасига қарашли кулолчилик музейида бўлиб, ҳунармандларнинг меҳнат фаолияти билан танишди.
- Корхонамизда 70 нафар ишчилар меҳнат қилмоқда, 300 га яқини эса касаначилик асосида фаолият юритишади,-дейди Равшан ака.- Улар меҳнати билан 500 хилдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, дунёнинг Греция, Фаластин, Россия, Туркия каби 11 та мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Туманда бу каби моҳир кулоллар жуда кўпчиликни ташкил этади. “Мискин” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркор Носиржон Назаров томонидан ташкил этилган кулолчилик цехида ҳам бугун иш қизғин. Бу ердаги мулоқот жараёнида тадбиркорнинг ўз фаолиятини янада кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Риштонда айни кунларда бунёдкорлик ишлари авжида. Юртимизда ягона бўлган “Ҳунармандлар шаҳарчаси”си бунёд этилаётган бўлиб, бу ерда 20 та уста кулоллар учун махсус устахона, дўконлар хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун мажмуа таркибида меҳмонхона қуриш ишлари деярли якунига етиб қолди.
Вилоят ҳокими “Ҳунармандлар шаҳарчаси”ни янада кенгайтириш борасида ўз таклифларини билдирди. “Хўжа Рушноий” ёдгорлигида олиб борилаётган қурилиш жараёнлари билан танишиб, мазкур қадамжони миллий қадриятлар ва замонавий архитектура уйғунлигида мукаммал лойиҳа асосида таъмирлаш зарурлигини таъкидлади.
Ташриф давомида вилоят ҳокими тумандаги “Даҳбед” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар билан суҳбатлашди. Аҳоли томонидан билдирилган канализация тармоқларини янгилаш, уй томларидан сув ўтаётганлиги сабабли қайта таъмирлаш ишларини зудлик билан амалга ошириш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.
Тарихий обида саналган ва айни дамда қайта реконструкция қилинаётган – “Соҳиби Ҳидоя” мажмуасидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари кўздан кечирилди ва зарур тавсиялар берилди.
Вилоят раҳбари Риштон туманида жорий йилда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар билан танишди. Жумладан, "Рошидонлик Умида Файз" фермер хўжалигига қарашли қуёнчилик агрофирмаси, “Страус Фарм” туяқушчилик фермаси, “Навбаҳор” маҳалласида жойлашган кулолчилик кичик зонасига ташриф буюриб, тадбиркорлар ва у ердаги ишчиларнинг шароитини кўздан кечирди. Риштондаги кичик саноат зонани кенгайтириш ҳамда у ерда чинни буюмлари ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш таклифини билдирди. Бу каби таклифни ҳунармандлар қувонч билан қўллаб-қувватладилар.
Бундан ташқари, вилоят ҳокими собиқ Совет иттифоқи қаҳрамони, Иккинчи Жаҳон урушининг афсонавий ўзбек жангчиси Мамадали Топволдиев музейида бўлиб, замонавий уй музейи ташкил этиш ҳақида таклиф билдирди.

