Риштон ҳунармандлар юрти. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Лекин Риштонда йирик тадбиркор, илмда машҳур зиёлилар, деҳқончилик, ҳусусан боғдорчиликнинг ҳаддини олган миришкорлар ҳам оз эмас. Уларнинг бири Қосимовлар оиласи, аниқроғи ака-ука Қодиржон ва Мўсожонлардир.
Биласиз, водийда бир қарич ер ҳам қадрли. Шунинг учун ака-укалар Қирғизистон чегараолди ҳудудидаги 200 гектар қир адирларни ўзлаштиришга аҳд қилдилар. Бир ёнда Сўх дарёси борку, деб ўйлагандилар. Ўшанда, уч йил аввал, айрим ҳамқишлоқлари истеҳзоли кулиб қўйгандилар. Бу тепалик, тошлоқ адирларда гиёҳ ўстириб бўлмайди, дея ака-укаларнинг шаштини қайтармоқчи ҳам бўлдилар.

Фарғона вилояти деганда унинг тез оқар дарёлари, мафутункор тоғлари, гўзал боғлари кўз олдингизга келади. Аммо статистика шундайки, вилоятнинг қарийиб йигирма фоиз майдонини қир-адирлар ташкил этади. Инсон қудрати ва иродаси туфайли бу ерга сув ва электр келтирилди. Яқин кунларда эса хандон писта экилади. Бунинг учун кўчат ўрнида минглаб ҳандоқ қаздилар, томчилатиб суғориш қувурлари монтаж қилиниб қатор ораларига ташланди.

– Биринчи муаммо тепага, қир адирга сув олиб чиқиш эди. Ишни Сўх дарёсидан 150 метр баландликка сув олиб чиқишдан бошладик, – дейди “Agro Gold Servis Drop” МЧЖ раҳбари Қодиржон Қосимов.
Сўх суви ўта лойқа. Унинг таркибида 20 фоизгача қум, қуйқа бўлади. Ҳавза тез тўлиб қолар, уни тозалаш эса қийин эди. Томчилатиб суғориш тизими эса тиқилиб қолиб ҳа деганда ишдан чиқар эди. Яратган ҳам ҳудо деган бандасига меҳрибон экан.

– Оллоҳ бизни қўллади шекилли, еримиз ҳудудидан булоқ чиқди. Энди 180 метр чуқурликдан сув олиб мана бу ҳавзани тўлдирамиз, – дейди Қодиржон Қосимов. – 107 гектар еримизга 100 минг туп Эроннинг хандон пистасини экканмиз. Ҳавзага 9 минг метр куб сув тўпланади. Битта кўчатга томчилатиб суғориш тизими орқали 4 литр сув сарфлаймиз. Шунда 4 минг метр куб сув зарур бўлади. Ушбу булоқ суви эҳтиёжимизни тўлиқ қондиради.
Дарёдан сал берида бир ариқ сув берадиган зилол булоқ пистазорга буриляпти. Унинг суви дастлаб 40 метр кубли сиғимга олинади ва ўз оқими билан пистазор бошидаги сув йиғиш ҳавзасига бориб қуйилади. Ҳозир бу ерда охирги монтаж ишлари кетмоқда.
– Денгиз сатҳидан 780 метр баландликда жойлашган адирликда илгари ҳеч қачон деҳқончилик қилинмаган. Пистанинг томир тизими ер остига 80-100 метргача тушади. Бир неча мамлакатларда уни умуман суғоришмайди. Биз дастлаб, кўчатни ундириб олишда томчилатиб суғориш тизимини жорий этдик, – дейди фермер Мўсожон Қосимов ва яшнаб турган кўчатларни кўрсатди. – Бу бундан икки йил аввал экилган Ахмадий, Дўлана, Мумтоз каби уруғлардан униб чиққан кўчатлар. Маҳаллий Фарҳод, Ширин каби 12 хил кўчат бор бу ерда. Экилганида бир қарич эди. У ўсган сари бир йилда тўрт марта кесдик. Тажриба қилиб синаяпмиз. Кесганимиз туфайли куртак чиқаради. Энди у мева тугади. Яъни уч ёшда мева беради.

– Писта 7-10 йилда мевага киради. Биз мутахассислар билан маслаҳатлашиб, уни эрта мевага киритиш йўлини топдик. Бунинг учун кўчатни бир йилда 3-4 марта кеса бошладик, – дея қўшимча қилди Мўсожон Қосимов. – Кўчатни ўзимиз етиштирамиз. Уруғни Эрондан олиб келдик. 100 минг дона кўчат қилдик. Бунинг биттаси минг сўмга боради. Ерларимизга юз фоиз ўзимиз етиштирган кўчатни экканимиз.
Ака-ука Қосимовлар ҳар бир имкониятдан унумли фойдаландилар. Писта пишиб ҳосилга киргунича ер умри беҳуда ўтмасин дея дастлаб полиз экинлари, сўнг гилоснинг тезпишар янги навидан, қолаверса шифобахш гиёҳлар экишди. Тилими тилни ёрувчи қовунни йиғиштириб олган эканлар.

– Пистани 1,5х5 метр ўлчамда экканмиз. Орасига гилосни инвентро усулида кўчат қилдик, яъни колбада ундириб хужайрадан илдиз олдик, сўнг уни пайвандладик. Унинг илдизи мустаҳкам, серҳосил бўлади, – деди ғурур билан Қодиржон.
Деҳқон илмга асослансагина даромади икки ҳисса ошади. Бу исбот талаб қилмас ҳақиқат. Ака-укалар ҳам шу йўлдан боришди. Буни Мўсожон шундай тушунтирди.
– Писта плантацияларини ташкил қилишдан аввал дунё пистачилигини, Испания, Америка, Эрон, Туркия тажрибасини ўргандим. Улар пистазорни агротехника қоидалари асосида ташкил этган. Суғоради, ишлов беради, шунинг учун уларда хосилдорлик юқори. Бизда эса пистачилик ўрмон хўжалиги меъёрларида яратиляпти.
Ака-ука Қосимовлар пистачилик билан бирга яна бир соҳага қўл урдилар.
– Илгари бу ерлар асрлар давомида сув ичмаган. Суғорганимиздан сўнг айрим ўт-ўланлар пайдо бўлди. Уларнинг бири – кийик ўти. У табобатда қўлланади. Жигар, ошқозон, ўт фаолиятини мустаҳкамлайди. Биз унинг уруғларини пишириб териб олдик. Келажакда кийик ўти плантациясини ташкил қиламиз, – дейди Муроджон Қосимов. – Буни қарангки, эзгу ниятли инсонларни табиат ҳам мукофотлади. Менинг қўлимдаги кийик ўт ғоят ноёб. Китобларда уни водийда ўсмайди, деб ёзилган. Лекин у бор экан. У ҳақида интернетга ҳам маълумот қўйдик.

Ҳуллас, интилганга ҳудо ёр экан. Риштонлик Қосимовлар ўзлари туғилиб ўсган ватан донғини янада кенгроқ ёйиш ниятидалар.
– Риштон ўзининг қантак ўриклари билан дунёга машҳур. Лекин Риштонда инвентро усулида қантак ўрик кўчати кўпайтирилмаган. Шуни йўлга қўймоқчимиз, – дейди ака-ука Қосимовлар. – Инвентронинг афзаллиги шундаки, у уланганда томири бақувват, ўзи серхосил бўлади. Биз Риштонда кўчат етиштирувчи “Риштон қантак инвентро” лабараториясини очамиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jH3Sp0mTbsE" title="Риштон: Қосимовлар оиласи мўжиза яратмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов, ЎзА