Ўрим-йиғим 10 кунда якунланади
Янгибозор тумани «Боғолон» ҳудудидаги «Хоразм фахри» фермер хўжалиги раҳбари Отабек Қурбонов пешқадамлардан.
Янгибозор тумани «Боғолон» ҳудудидаги «Хоразм фахри» фермер хўжалиги раҳбари Отабек Қурбонов пешқадамлардан. У ҳосил учун курашнинг турли босқичларидаги агротехник тадбирларни йилнинг об-ҳаво, далаларнинг нам режими, тупроқ шароитларига монанд ташкил этиб, ҳосилдорлик, маҳсулдорлик, иқтисодий самарадорликни муттасил равишда оширишга эришмоқда.
Фермер ўтган йили ғалладан 100 центнердан ошириб ҳосил олди. Жорий йилда фермер 129 гектар майдонда ғалланинг турли навларидан мўл ҳосил етиштирди. Таҳлилларга кўра, фермер хўжалиги аъзолари бу йил ўртача 70 центнердан ҳосил олди.
Хўжалик етакчиси О.Қурбонов юқори натижаларга эришишга қарата синовлар, турли тажрибалар ўтказишдан чўчимайди. Жорий йилда ғалланинг «Чиллаки», «Звезда», «Яксарт», «Алексевич», «Аср», «Андижон-2», «Табор», «Гром», «Краснодарская-99», «Зимнитса», «Давр» каби навлари уруғликларини экиб, ўсимликларнинг вилоятимиз ер-иқлим шароитида ўсиб ривожланишини синовдан ўтказди. Тажрибалар айниқса «Чиллаки», «Краснодарская-99» «Зимнитса» навлари воҳамизнинг ер-иқлим шароитларида юқори самара беришини кўрсатди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан ғалла ўрим-йиғими мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этган уста ғаллакор Отабек Қурбоновнинг даласида жорий йилги ҳосилни нес-нобуд қилмасдан қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.
Вилоят ва туманлар сектор раҳбарлари, соҳага алоқадор корхона ташкилотлар мутасаддилари, фермерлар, хўжаликда ўрим-йиғим ишларининг қай тарзда ташкил этилганлиги, мавсумни қисқа фурсатларда якунлашга жалб этилган техникалар билан қизиқди.
Жорий йилда Хоразм вилоятида 1 минг 297 та фермер хўжаликлари томонидан 33 минг 200 гектар майдонга ғалла экилиб, барча агротехник талаблар асосида парвариш қилинди. Режадаги 213 минг 300 тонналик ғалла ҳирмонини қисқа фурсатларда кўтариш, етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш мақсадида туманларда барча имкониятлар сафарбар қилинмоқда.

Туманларнинг ғалла ўрим-йиғими штабларида 247 та комбайнга 533 нафар масъул ходим бириктирилиб, улар томонидан ҳар бир кунга якун ясалиб, бажарилган, ишлар сарҳисоб этилиб, жараёнда юзага келган камчилик-муаммолар бартараф қилиниб борилади.
Ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олиш ишлари отряд усулида ташкил этилади. Мавсум давомида ҳар бир комбайн билан 135 гектар ғаллазордаги ҳосилни саранжомлаб олиш назарда тутилмоқда. Мавжуд комбайнлардан 18 таси фақат уруғлик ғаллани сифатли ҳолида йиғиштириб олишга сафарбар этилади. Оператору механизаторларга иш ҳақи мунтазам равишда ҳисоб-китоб қилиб бериб борилади.
Йиғилишда дон топшириш бўйича кунлик ҳисоботларни тўғри юритиш, ўрим-йиғимда иштирок этадиган комбайнларнинг техник ҳолатини мунтазам назорат қилиб бориш, комбайнчилар, дон ташишга жалб этилган ҳайдовчилар, туманларда ташкил этилган штаб ходимларини белгиланган тартибда рағбатлантириш, жорий йилда дон етиштириш ва қабул қилишда фермер хўжаликларига яратилган имкониятлар хусусида сўз борди.
Ўрим – йиғим ишларини 10 кун муддатда якунлаш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар топширилди.
