Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Республиканинг туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, биринчи навбатда транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасидаги муаммоларни тезкор ҳал этиш, шунингдек, мавжуд ресурслар ва имкониятлардан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин;
2023 йил баҳор-ёз мавсумида ҳаво ва темир йўллар орқали йўловчилар ташишнинг мақсадли кўрсаткичлари 2а ва 2б-иловаларга мувофиқ;
2023 йилда республика ҳудудидаги туризм ва маданий мерос объектларига олиб борувчи автомобиль йўлларини таъмирлаш ишларининг манзилли рўйхати 3-иловага мувофиқ;
2023 йилда туризм соҳасидаги ресурслар ва имкониятлардан ҳар томонлама фойдаланиш ҳамда мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш бўйича “йўл харитаси” 4а-иловага мувофиқ;
2023 йилда туризм соҳасида ўтказиладиган маданий-кўнгилочар тадбирлар бўйича “йўл харитаси” 4б-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантириш бўйича 2023 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режалари 5а–5о-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мамлакатнинг туризм соҳасини ривожлантириш бўйича республика ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – Республика ишчи гуруҳи) 6-иловага мувофиқ таркибда ва ҳудудий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда – Ҳудудий ишчи гуруҳлар) 7-иловага мувофиқ намунавий таркибда ташкил этилсин.
3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда республикадаги олий таълим ташкилотларининг ҳудудларнинг туризм салоҳиятини оширишга кўмаклашиш мақсадида олий таълим ташкилотларига тегишли ҳудудларни бириктириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
4. Олий таълим ташкилотларига бириктирилган ҳудудлар рўйхати 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва ушбу олий таълим ташкилотларига ҳудуднинг туризм салоҳиятини ошириш бўйича қуйидаги вазифалар юклатилсин:
ҳудуднинг туризм салоҳиятини ўрганиш, ҳудуд ва унинг тарихи, туристик объектлари ва ўзига хос хусусиятлари тўғрисида турли тилларда контентлар яратиш, уларни тарғибот қилиш ҳамда турпакетлар яратишда ёрдам кўрсатиш;
назарий билим ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлаган ҳолда профессор ва ўқитувчиларнинг изланишлари, талабаларнинг туризм соҳасидаги назарий билимларини амалиётда қўллаш имкониятларини кенгайтириш;
ҳудудлардаги аҳоли томонидан туризм хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда кадрларнинг малакасини оширишда кўмаклашиш.
5. Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 2023 йилда хорижий сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича режа-жадвал 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Қуйидагилар зиммасига:
а) Республика ишчи гуруҳи (А.Арипов, А. Абдухакимов)га:
мазкур қарор ва унга иловаларда белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ва чора-тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш ҳамда бу борадаги ишларни ҳар ойда камида бир маротаба муҳокама қилиб бориш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг туризм соҳасида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботларини эшитиш;
туризм соҳасида юзага келаётган муаммоларни тезкор бартараф этиш ва келгусида уларнинг олдини олиш, Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
ҳар чоракда мамлакат туризм салоҳиятини ошириш бўйича ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб бориш;
б) Ҳудудий ишчи гуруҳларга:
Маданият ва туризм вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг жойларда туризм соҳасида яратилган шароитлар, маҳаллий ва хорижий туристларни жалб қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан икки ҳафтада бир маротаба ахборотини тинглаш;
жойларда туризм соҳасидаги мавжуд муаммоларни бирма-бир муҳокама қилиб бориш, туристик салоҳиятни ошириш борасида масъулларни белгилаган ҳолда чора-тадбирларни тасдиқлаш ва уларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш;
ҳудуднинг туристик салоҳиятини ошириш, маҳаллий ва хорижий туристлар сонини кўпайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига – мазкур қарорга 1-иловада белгиланган туризмни ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш;
г) транспорт вазири И.Р.Махкамовга – мазкур қарорга 2а ва 2б-иловаларда белгиланган йўловчилар ташишнинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш;
д) маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари У.А.Азамов ҳамда масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига – мазкур қарорга 4а ва 4б-иловаларда белгиланган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш вазифалари юклатилсин.
7. Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси Маданият ва туризм вазирлиги билан биргаликда 2023 йил Давлат бюджети параметрларида автомобиль йўлларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун кўзда тутилган маблағлар доирасида мазкур қарорга 3-иловага мувофиқ тасдиқланган туризм ва маданий мерос объектларига олиб борувчи автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари амалга оширилишини таъминласин.
8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2023 йил учун Давлат бюджетидан маҳаллий авиақатнов йўналишларини субсидиялаш учун қўшимча 30 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Белгилансинки, Транспорт вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда рейсларни уларнинг бандлигидан келиб чиқиб субсидиялаш механизмларини аниқлайди.
9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2023 йил 1 майдан бошлаб:
2024 йил 1 июлга қадар тажриба тариқасида туроператор хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига улар томонидан 5 нафар ва ундан ортиқ норезидентларга хизматлар кўрсатишни назарда тутувчи турпакетлар (жойлаштириш, автомобиль ёки темир йўл транспорти, экскурсия ва овқатланиш бўйича хизматлар қамраб олинган) бўйича чет эллик ҳамкорларига тақдим этилган ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган қўшилган қиймат солиғининг 20 фоиз миқдоридаги маблағлар республика бюджетидан субсидия сифатида қайтарилади;
2026 йил 1 майга қадар маҳаллий туроператорлар, туризм соҳасида жойлаштириш хизматларини кўрсатувчи ёки автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятида йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчи билан бирга ўн ва ўндан ортиқ ўриндиққа эга бўлган ҳамда ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган транспорт воситаларини (ТИФ ТН кодлари 8702 10, 8702 40, 8702 90) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 12 ой муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, Маданият ва туризм вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу бандда назарда тутилган тартибларнинг ўз вақтда жорий этилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикасининг туризм маҳсулотини хорижий туризм бозорларида тарғиб қилишга 2023 йилда 50 миллиард сўм ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Маданият ва туризм вазирлиги:
а) бир ой муддатда:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда музей ва театрларнинг дам олиш ва байрам кунларида, шунингдек, ташриф буюрувчилар учун қулай вақтларда ишлашини таъминлансин;
вазирликнинг ягона Call-марказида кўрсатилаётган хизматлар турларини кенгайтириш чораларини кўрсин;
б) 2023 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикасининг миллий туризм маҳсулотлари ва хизматларини халқаро нуфузли туристик ва маркетинг платформаларида реклама қилиш харажатларини қоплаб бериш тартибини тасдиқласин.
Белгилансинки, ҳар йили Давлат бюджетидан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига Ўзбекистон Республикасининг туризм маҳсулотини хорижий туризм бозорларида тарғиб қилиш учун ажратиладиган маблағлар Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” ДУКга белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун ўтказиб берилади.
11. Транспорт вазирлиги:
а) бир ҳафта муддатда “Самарқанд” халқаро аэропортида жорий этилган “Очиқ осмон” режими доирасида хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва йўналишларга бўлган чекловларни олиб ташласин ҳамда “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни қўлласин, шунингдек, хорижий давлатларнинг авиация маъмуриятлари, чет эл авиаташувчиларини бу ҳақда белгиланган тартибда хабардор қилсин;
б) 2023 йил 1 майдан “Uzbekistan Airports” АЖ билан биргаликда:
Фарғона, Наманган ёки Андижондан Бухоро, Самарқанд, Термиз, Урганчга, шунингдек, Термиз – Нукус, Самарқанд – Урганч, Бухоро – Урганч, Фарғона – Урганч каби йўналишлар бўйича мунтазам авиарейсларни йўлга қўйсин;
Тошкентдан Нукус, Урганч, Бухоро, Қарши ва Самарқандга авиақатновларни йўлга қўйиб, амалдагидан икки бараваргача арзон тарифларни жорий этсин;
в) янги ташкил этилган резидент авиакомпанияларга хорижий йўналишларда парвозларни амалга ошириш учун квоталарнинг ажратилишини таъминласин;
г) бир ой муддатда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ушбу қарордан келиб чиқиб, халқаро шартномаларга янги ташкил этилган резидент авиакомпанияларга хорижий ва халқаро йўналишларда парвозларни амалга ошириш учун квоталар ажратиш бўйича ўзгартиришлар киритиш ҳамда парвозларни амалга оширишга рухсат бериш чораларини кўрсин;
д) 2023 йил 1 октябрга қадар Урганч ва Бухоро аэропортларининг ҳар бири бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш бўйича алоҳида танловлар эълон қилсин;
е) 2023 йил якунига қадар Наманган аэропортини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш бўйича лойиҳа концепциясини ва техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқсин.
12. Маданият ва туризм вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 сентябрга қадар ЮНВТО шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампусини яратиш мақсадида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига қарашли Самарқанд шаҳри, Бобур Мирзо кўчаси, 3а-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларнинг капитал реконструкция қилиниши ва тўлиқ жиҳозланишини ҳамда унга туташ ҳудуднинг ободонлаштирилишини таъминласин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ой муддатда ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган ишларни амалга ошириш учун зарур маблағ ажратилишини таъминласин.
13. Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 майдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда:
Қамчиқ довони орқали йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчидан ташқари ўн тўрттагача ўриндиққа эга бўлган М2 тоифадаги транспорт воситаларига;
Жиззах вилоятидаги довонлар ҳамда Бўстонлиқ туманининг тоғли ҳудудларида тегишли тоифадаги йўллар орқали туристик автобус ва микроавтобусларга мунтазам қатновларни амалга оширишга рухсат берилишини таъминласин.
Бунда, фақат 1 апрелдан 1 ноябрга қадар бўлган даврда кундузи, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган ва газ баллон ускуналари ўрнатилмаган, секинлаштирувчи ускунаси (тоғ тормози) мавжуд бўлган ҳамда ҳаракатни кузатиш навигация қурилмаси ва тахограф ўрнатилган транспорт воситаларида камида 7 йил стажи бор ҳайдовчиларга автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолияти учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда қатновни амалга оширишга рухсат берилади.
14. Марказий банк Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги билан биргаликда:
2023 йил Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратилаётган маблағлар ҳисобидан йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчидан ташқари саккиз ва ундан ортиқ ўриндиққа эга бўлган транспорт воситаларини харид қилиш учун 300 миллион сўмгача миқдордаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилишини таъминласин;
туризм соҳасининг субъектларига айланма маблағлар ва инвестицияни кўпайтириш учун қўшимча 300 миллиард сўмлик кредит линияларини очишни таъминласин;
маблағлар жойлаштирилган тижорат банклари ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борсин.
Бунда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ҳафта муддатда мазкур банднинг учинчи хатбошисида кўрсатилган кредитлар бўйича фоизларнинг бир қисмини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш тартибини жорий қилишни таъминласин.
15. Маданият ва туризм вазирлигининг ногиронлиги бўлган шахслар учун республика бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш мақсадида “Саёҳат барча учун!” лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифи маъқуллансин.
Маданият ва туризм вазирлиги мазкур лойиҳа доирасида 500 нафар ногиронлиги бўлган шахслар саёҳатини ташкил қилсин ҳамда дастлабки босқичда Хоразм, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида 100 нафар сурдо-гидларни тайёрлаш бўйича дастурни ишлаб чиқсин.
Бунда, ушбу лойиҳа билан боғлиқ харажатлар Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
16. Маданият ва туризм вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А.Ходжаев белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2023 йил 26 апрель