Республиканинг етакчи жарроҳлари Оролбўйида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Айни кунларда Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг бир гуруҳ етакчи жарроҳлари Қорақалпоғистонда бўлиб турибди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан эълон қилинган “Саломатлик кунлари” ижтимоий акцияси доирасида эҳтиёжманд беморларга жарроҳлик амалиёти кўрсатмоқда.
Маълумки, Оролбўйи минтақасида экологик вазият ниҳоятда мураккаб. Бу эса ҳудудда кўплаб касалликлар авж олишига сабаб бўлмоқда. Аммо шундай хасталиклар борки, уларни ўз вақтида юқори технологик жарроҳлик йўли билан даволамаса, бемор ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Аммо, Тошкентдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларига, етакчи шифокорлар қабулига мингдан зиёд километр масофани босиб келишнинг ўзи бўлмайди. Шу боис, пойтахтда фаолият кўрсатаётган энг моҳир жарроҳларнинг ўзи Оролбўйига, беморлар ҳузурига келди.
[gallery-5947]
Акция доирасида, маҳаллий тиббиёт ходимлари кўмагида хонадонларда ўрганишлар олиб борилиб, юқори технологик операцияга муҳтож беморлар рўйхати шакллантирилди. Аниқланган беморларнинг 107 нафарида юрак, 102 нафарида юз-жағ нуқсонларини бартараф этиш учун жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши лозим. Шунингдек, аҳолининг 130 нафари ошқозон-ичак хасталикларидан азият чекаётган бўлса, 127 нафари эндопротезлаш ҳамда 13 нафари буйрак трансплантациясига муҳтож. Аксарият беморларнинг даволаниш учун моддий имконияти йўқ, ихтисослаштирилган тиббий хизматдан имтиёзли йўлланма асосида фойдаланиш учун навбат кутиши зарур. “Саломатлик кунлари” шу каби муаммоларнинг оқилона ечими бўлди.
Республика ихтисослаштирилган марказларининг тиббиёт фанлари докторлари, тиббиёт фанлари номзодларидан ташкил топган малакали мутахассислар юз-жағ пластик жарроҳлиги, абдоминал хирургия, интервенцион кардиология ва травматология-ортопедия, қон-томир жарроҳлиги, трансплантология йўналишлари бўйича Оролбўйи минтақасидаги эҳтиёжманд беморларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатмоқда.
Жарроҳлик амалиётлари Нукус шаҳридаги Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия маркази Нукус филиали, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали, Оролбўйи аҳолиси юрак-қон томир касалликларини соғломлаштириш маркази ва бошқа муассасаларда ўтказилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат),ЎзА