Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ республика олий таълим муассасаларини комплекс ўрганади.
2022 йил 28 январь куни Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида олий таълим муассасалари 23 та мезон асосида танқидий ва таҳлилий ўрганилади.
Асосий эътибор олий таълимдаги ислоҳотлар, илм-фан ва ишлаб чиқаришдаги интеграциялар, ахборот-ресурс марказлари фаолияти, молиявий, академик мустақиллик берилган таълим муассасаларига амалий кўмак бериш, илмий салоҳият, таълим жараёнининг қай даражада ташкил этилгани, масофавий таълим, кредит-модуль тизими, талабалар турар жойларида яратилган шарт-шароитлар, коррупцияга қарши курашиш ва шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмлари жорий этилганлиги каби мезонларга қаратилади.
Бундан кўзланган мақсад олий таълим муассасаларининг таълим жараёнини тўғри йўлга қўйиш, таълим сифатини ошириш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда рақобатбардошлигини ошириш, рақамли технологияларни тўлиқ жорий этиш орқали таълим жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш.
Ўрганиш жараёнидаги ютуқлар ва тажрибалар кенг оммалаштирилади, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрланади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА