Республика таълим марказининг бир гуруҳ устозлари тақдирланди
Тонгги қўнғироқ овози ва шовқин-сурон билан бошланувчи мактаб, кўзларида ғайрат-шижоат порлаб турган ўқувчилар бу – ўқитувчининг ҳаёти. Мамлакатимизда бу хокисор ва камтарин касб эгалари захматли меҳнатлари натижасида доимо эъзозда, эътирофда.
Юртимизда 1 октябръ – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг миқёсда нишонланади. Шу муносабат билан Миллий ўқув дастури ва дастур асосида янги авлод дарсликларини яратишда қатнашган муаллифлар жамоаси, бир гуруҳ амалиётчи ўқитувчилар, халқ таълими тизими ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Республика таълим маркази ходимлари муносиб тақдирланди.

Тадбир иштирокчиларининг 43 тасига ташаккурнома, 49 тасига «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони, 18 тасига «Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони ва эсдалик совғалар топширилди.
Таълимдаги янгиликларни бўлажак педагогларга етказишда жонбозлик кўрсатаётган Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Ташкенбаев «Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

– Сўнгги йилларда таълим тизимини такомиллаштириш, ўқувчиларга сифатли билим бериш, ўқув дарсликларини замонавийлаштиришга катта эътибор берилмоқда. Бизнинг таълим марказимиз томонидан яратилаётган янги ўқув дарсликлари бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берган ҳолда, ўқувчиларнинг билимини ошириш, дунёқарашини ривожлантириш, оғзаки нутқини шакллантиришга хизмат қилади. Бугун мен тақдирланганлар орасидалигимдан жуда хурсандман,– дейди «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони соҳибаси Моҳира Нуруллаева.

Шунингдек, Миллий ўқув дастури ва дарсликларнинг яратилишида ўз тавсияларини аямаган халқаро экспертлар: ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Таълим бўлими раҳбари Дипа Шанкар ва Таълим масалалари бўйича ЮНИCЕФ маслаҳатчиси, Яна Чичерина, Табиий фан дарсликларини яратиш бўйича 20 йилдан ортиқ халқаро тажрибага эга ЮНИCЕФ консультанти Филиппа Гардон, математикани ўқитиш бўйича 20 йиллик халқаро тажрибага эга ЮНИCЕФ эксперти Марселло Старикоффлар ҳам «Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Файзулло Яхёев, ЎзА