Республика суд экспертизаси марказига пресс-тур
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказига журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур давомида марказда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги жорий этилган экспертиза турлари, такомиллаштирилган замонавий моддий-техник база ҳамда “Аноним” ДНК тадқиқотини ўтказиш тартиби хусусида маълумот берилди.
Қайд этилишича, барча соҳалар қатори суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам зарурий ислоҳотлар амалга оширилиб, суд экспертизаларининг самарадорлигини ошириш, соҳани замонавий, юқори аниқликдаги таҳлил воситалари билан жиҳозлаш орқали одил судловни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, кейинги беш йилда суд экспертизасини ривожлантириш янги босқичга кўтарилиб, Президентимизнинг ушбу соҳани янада такомиллаштиришга оид тегишли қарор ва фармонлари қабул қилинди, қонунчиликка жиддий ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда илк бор нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилди ва Ҳукуматимизнинг 2020 йил 24 мартдаги тегишли қарори билан нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолияти тартибга солиниб, ҳозирги кунда 3 та нодавлат суд экспертиза ташкилотларида 19 нафар нодавлат суд экспертлари тегишли фаолият олиб бормоқда.

Марказ лабораторияларини халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида 2020 йилда БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси кўмагида ИСО/ИEC-17025 халқаро стандартига мувофиқ аккредитация қилиниб, мувофиқлик сертификатига эга бўлди. Мазкур аккредитация марказга тадқиқотларни халқаро стандартлар даражасида бажариш имконини беради. Бу эса лабораториялар томонидан берилган хулосаларнинг халқаро миқёсда шубҳасиз тан олиниши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини нафақат мамлакат ҳудудида, балки халқаро судларда ҳам ишончли ҳимоя қилиниши ҳамда одил судлов таъминланишига хизмат қилади.

Пресс-тур давомида суд экспертиза фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технология ютуқларини жорий этиш мақсадида жорий этилган “Суд экспертизалари ҳисоби” ва “Электрон таълим платформаси” ахборот тизимлари ҳамда аҳолига суд-экспертлик соҳасига доир маълумотларни тезкор етказишга қаратилган “sudexpert.uz” ахборот порталлари фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Институт суд-экспертлик фаолияти соҳасига замонавий илмий ёндашувларни қўллаш орқали унинг самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот ишларини янги босқичга кўтариш, давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий жиҳатдан кўмаклашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали суд экспертизасининг янги турлари ҳамда услубиётларини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш, ривожланган ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш каби вазифаларни бажаради.
Д.Маматова,
ЎзА мухбири