Республика ишчи гуруҳи Бухорода
Республика ишчи гуруҳи Бухоро вилоятининг Вобкент ва Пешку туманларида аҳолини камбағалликдан чиқариш, бунда томорқадан самарали фойдаланиш борасидаги ишларни ўрганди.
Вобкент тумани Латифсобунгар маҳалласида яшовчи Абдурасул Шоназаров кейинги йилларда бор имкониятини зотдор қўй боқишга сафарбар этди ва 80 бошга етказди. Ҳаваскор сифатида унинг айнан “Арашан” зотига қизиқиб қолгани бежиз эмас. Бу зотдор қўй маҳсулдорлик кўрсаткичлари юқорилиги билан ажралиб турибди.
– Чорвадор чўпонлар яхши билади, ўзимизда қишнинг изғирини, ёзнинг жазирамасида ҳисори қўйни боқиш осон эмас, – дейди Абдурасул Шоназаров. – Водий вилоятидан харид қилинган қўйни мослаштириш учун ҳаракат қилиб, мутахассис зоотехниклар, ветеринарлардан тавсия олиб, ўтган тўрт-беш йилда ўз қўрамизга эга бўлганимиз оилавий ютуғимиз бўлди.

Абдурасул Шоназаров кўп йил жайдари қўй боққан мутахассис сифатида бугун сон эмас, сифатга эътибор бермоқда. Ҳозирда бўрдоқичиликда бир бош қўйнинг соф оғирлигини 200 килограммдан оширишни мақсад қилган.
Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги ишчи гуруҳи вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов ҳамроҳлигида Вобкент туманида, ушбу хонадонда зотдор қўй парвариши билан яқиндан танишар экан, масъулларга унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва оммалаштиришга доир тавсия ва топшириқларини берди.

Ишчи гуруҳ “Латифсобунгар” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган миришкор томорқачи Мухтор Шодиев уй хўжалигида ҳам бўлди. Хонадон соҳиби 10 йил бурун хонадонидаги томорқа ерининг 5 сотих қисмида барпо қилган иссиқхонада сабзавот маҳсулотларини етиштириш тажрибасини ўзлаштирган. Кейинчалик бу иссиқхона 8 сотихга етказилгач, гидропоника усулида қулупнай етиштириш тажрибаси ҳам йўлга қўйди.
– Корея технологияси асосида тупроқ ўрнида кокос қипиғини пойтахтдан буюртма асосида харид қилиб, жўяк ўрнида қаторларга резина шлангни тортиб, ҳосил қилинган экин майдонига 10 минг туп қулупнай ниҳолини ўтқаздик, – дейди Мухтор Шодиев. – Фаолиятимни бошлашга 200 миллион сўм атрофида маблағ сарфлаган бўлсак, эндиликда бу сармояни бир мавсумда бемалол, шу қулупнай ҳосилидан қоплаш имконига эгамиз.

Ишчи гуруҳ Мухтор Шодиев уй хўжалигидаги фаолият, деҳқончиликка инновацион ёндашувнинг самарасини бевосита кўриб, у билан мулоқотда бўлди. Тажрибасини оммалаштириш чора-тадбирини белгилади.
Ишчи гуруҳ Пешку туманида ҳам бўлиб, “Ибн Сино” ва “Садир” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Обод – хонадон, обод – кўча, обод – маҳалла” доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Ҳудуддаги намунали томорқачилар, уй хўжаликлари тажрибаси меҳмонлар эътиборидан четда қолмади.
Бу маҳаллаларни ишсизликдан, камбағалликдан, оилавий ажримдан, меҳнат миграцияси ҳамда жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, уларда “Сайхунобод”, “Уйчи” тажрибалари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

– Айни кунда 1040 та хонадон, 1361 та оила ва уларда жами 4800 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган “Ибн Сино” маҳалла фуқаролар йиғинимиз Афшона, Авдени, Янгиобод, Ибн Сино ва Қўрғонтепа қишлоқларидан таркиб топган, – дейди йиғин раиси Уйғун Имомов. – Икки-уч йил бурун аҳолига тарқатилган унумдор экин ер ҳисобидан аҳоли хонадонларининг 936 таси ёки 2140 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланмоқда. Ҳудудда лидер тадбиркорлик субъектларидан Мустақим Тошев таъсисчилигидаги “Peshku Miksed Agrokulture tomorqa xizmati” МЧЖ таъминотчи ва буюртмачи сифатида бу деҳқон хўжаликларига бириктирилган. Маҳалламизда ижтимоий муҳофазага муҳтож, камбағал оила 16 тани ташкил этиб, ишсизлар ва чет элга қатнаб ишлаётганлар сони жами 200 нафардан зиёд эканлиги, бор имкониятлардан самарали фойдаланишни тақозо этмоқда.
Туман ҳокими Ҳаёт Давлатов ҳамроҳлигида “Ибн Сино” маҳалла фуқаролар йиғини, Cўфилар қишлоғида фаолиятини юритаётган “Пешку лимончилик мактаби”га асос солган миришкор боғбон Нусрат Саидов иссиқхонасида парваришланаётган цитрус меванинг бир неча тури ва ундаги агротехник тадбирлар кўздан кечирди.
2017 йилда фермер хўжалиги негизида лимончилик мактабини яратишга муваффақ бўлган Нусрат Саидов иссиқхонадан, ҳар йили баракали ҳосил олиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида қишлоқда тажрибали деҳқонга ҳавас қилганлар ўз лимонарийларини ташкил қилишди, кўплар бу миришкор боғбон билан устоз-шогирдлик анъанасини йўлга қўйган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири