Реновация дастури бўйича ишлар қониқарлими?
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан юртимизда кўп квартирали уйларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида Реновация дастурини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Қурилиш вазирликларининг ахбороти эшитилди.
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан юртимизда кўп квартирали уйларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида Реновация дастурини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Қурилиш вазирликларининг ахбороти эшитилди.
Маълумки, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уларни муносиб турар жой билан таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш каби масалаларга эътибор қаратилган эди. Хусусан, юртимиздаги мавжуд 34 мингдан ортиқ кўп қаватли уйнинг аниқ ҳолатини тўлиқ хатловдан ўтказиш, дунёдаги йирик мегаполисларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганган ҳолда, реновация дастурини, яъни эскириб қолган кўп қаватли уйлар ўрнида энг замонавий шароитга эга бўлган янги уйлар қуриш дастурини ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланган эди.
Депутатлар Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиш доирасида мамлакатимиз реновация дастурини ишлаб чиқиш ва мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар билан бирга бугунги куннинг долзарб масалалари хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Ахборотда келтириб ўтилганидек, айни пайтда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан республикадаги мавжуд 34 минг 584 та кўп қаватли уй-жой фонди барча йўналишлар бўйича хатловдан ўтказилган.
Хатлов натижасига кўра, республикадаги жами кўп қаватли уйларнинг аксарияти 1990 йилларгача қурилган. Уйларнинг 13 минг 507 таси таъмирга муҳтож эмаслиги аниқланди. Шунингдек, уйларнинг 20 минг 622 таси таъмирга муҳтож, 455 тасида авария аломатлари мавжудлиги маълум бўлган.
Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатида мазкур авария ҳолатидаги уйларнинг 285 таси бўйича ҳудудлардаги лойиҳа ташкилотлари томонидан тегишли хулосалар берилиб, уларнинг 57 тасини бузиш, 228 тасини таъмирлаш лозимлиги қайд этилди.
Реновация дастурининг асосий мақсади бу фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва кўп квартирали уйларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эскириб қолган кўп қаватли уйлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуришни назарда тутади.
Унда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида уйларнинг ертўла ва том қисмини теплоизоляция қилиш, ойналарни замонавий ромларга алмаштириш, 5 қаватли уйларга заруратдан келиб чиқиб ташқи лифтлар ўрнатиш, уйларнинг фасад қисмини шаҳарсозлик талаблари асосида таъмирлаш, иссиқлик таъминоти тармоқларини изоляция қилиш, энергия тежамкор механизмларни жорий этиш орқали самарадорликни ошириш каби масалалар режалаштирилади.
Тадбирда АҚШ, Германия, Эстония, Россия, Украина, Қозоғистон каби давлатлар тажрибалари ўрганилгани, реновация, санация каби янги тизимларни мамлакатимизда жорий этиш юзасидан фикрлар билдирилди.
Таклифлар асосида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, муносиб турар жой билан таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиш бўйича келгусида олиб бориладиган ишлар белгилаб олинди.