Ректорлар маҳаллий кенгашларга ҳисоб беради
Бу таълим сифати ошиши — ёшларнинг илм-маърифатли бўлишида муҳим ўрин тутади.
Бу таълим сифати ошиши — ёшларнинг илм-маърифатли бўлишида муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида геология-қидирув соҳасини тубдан қайта кўриб чиқиш масаласи ўртага ташланди. Бу борада илмий тадқиқотларни янада кенгайтириш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, бир вақтлар Ўзбекистонда анча ривожланган, рақобатбардош ва бошқа мамлакатларга ўрнак бўлган ушбу соҳа охирги ўттиз йилда эътибордан четда қолди. Юқори малакали мутахассислар ва мавжуд илмий салоҳиятни сақлаб қолиш учун етарли ташаббуслар, зарур чоралар кўрилмади.
Шу боис ҳам Давлатимиз раҳбари 31 январь куни пойтахтимиздаги Олимлар кўчасидаги илмий-тадқиқот институтларига ташриф буюриб, янги ташкил этилаётган Геология фанлари университетининг қурилиш лойиҳалари билан танишди ва мазкур олийгоҳ кампусига тамал тошини қўйди. Президентимизнинг шу ерда илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан суҳбатда геология соҳасини ривожлантиришга оид қатор кўрсатмалар берди.
Шундан келиб чиқиб, илмий-тадқиқот институтлари салоҳиятини юксалтириш, фаолиятини самарали ташкил этиш, хусусан, геология соҳаси учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, соҳада олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг натижадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратишни устувор вазифа сифатида белгилаб олдик.
Албатта, илм-фан ривожисиз бирор бир мамлакат тараққий топмаган. Мамлакат ва жамиятнинг замон талаблари даражасида ривожланишини илм-фансиз тасаввур қилиш қийин. Зотан, давлат ва жамият олдида турган долзарб ва ўткир масалаларни илм-фансиз ечишнинг имкони йўқ. Бу бордаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, истиқболли илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши муҳим қадам бўлди.
Биз мамлакатимиз илм-фан тараққиётини халқаро майдонда кўрсатиш учун 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 та мамлакат қаторидан жой олишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, барча имкониятларимизни ва илмий салоҳиятимизни сафарбар этишимиз лозим.
Бундай масъулиятли ишларни амалга оширишда парламент, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтларининг ҳамкорлиги жуда муҳим.
Замон кун сайин ўзгармоқда. Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ҳам янги сифат ўзгаришларига эришиш даври келди. Шу маънода уларнинг самарали фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида депутатлик назоратини кучайтириш диққат-марказимизда бўлади.
Давр талабидан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида жойлардаги олий ўқув юртлари ректорларининг 2019 йилда амалга оширган ишлари ҳамда 2020 йил учун вазифалари бўйича ҳисобларини эшитиш илк бор амалиётга жорий этилмоқда. Табиийки, ушбу жараён туфайли жамоатчилик олий таълимдаги ислоҳотлар маромидан, соҳадаги муаммолардан хабардор бўлади, айниқса, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат юзага келишига хизмат қилади.
Қўмитамиз айни вақтда йилимиз номига муносиб белгиланган маърифат масаласига жиддий эътибор қаратмоқда. Бинобарин, гап жамият маърифати, яъни шахс тарбияси ва камолоти устида бораётган экан, Президентимизнинг бу борадаги йўл-йўриқларини бажаришга ҳар биримиз бурчлимиз. Қўмита доирасидаги соҳаларда бу борада амалий фаолият қизғин ва бардавом олиб борилишига ҳаракат қиламиз.
Робахон МАҲМУДОВА,
Олий Мажлис Сенатининг
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси