Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз мудофаасини кучайтириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлди.
Бу йил «Ватан ҳимоячилари куни»ни нишонлашни бошланганимизга 30 йил тўлди.
Ўтган даврда Қуролли кучлар тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юртимиз хавфсизлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлиги ишончли ҳимоя қилинмоқда, тинч-осуда ҳаёт таъминланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, истеъфодаги полковник Эркин Абдуллаев билан суҳбатимиз давомида бу байрам ва бошқа мавзулардаги саволларимизга жавоб олдик.
– Эркин ака «Ватан ҳимоячилари куни» сиз учун нимани англатади?
– Бу кунни мен мамлакатимиз ўғлонларининг байрами, деб биламан. «Ўтмишга қайтиб иш кўриш хайрлидир», деган нақл бор. Биз буюк Соҳибқирон Амур Темурнинг авлодларимиз. Буюк саркарда бобомизнинг мардлик ва жасурликлари, маданият, илм-фан, бунёдкорлик, давлатчилик, юрт ободлиги ва равнақи йўлидаги хизматларининг чеки-чегараси йўқ.
Алпомиш, Бобур Мирзо, Жалолиддин Мангуберди каби бобокалонларимиз номи, шуҳрати, кўрсатган мардлик ва жасорат намуналари анъанавий шаклда авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда, қаҳрамонларимизнинг Ватан олдидаги хизматлари йигитларимизнинг қалбида абадий яшайди.
Қуролли кучларимиз вакиллари дунё тарихида мислсиз ном қолдирган донишмандларимизнинг издошлари ҳисобланади ва биз улар билан фахрланамиз.
ДХХ Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимида муносиб ўрин эгаллайди. Олий Бош қўмондон, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мурожаатлари, буйруқларини сўзсиз бажаради, мамлакатимиздаги ислоҳотларни қўллайди.
Мен ҳозир хизмат қилаётган Фахрийлар кенгаши зиммасига ҳам анча ишлар белгилаб берилган. Минглаб фахрийларимиз бор, уларнинг ҳар бири ўз замонасида юртимиз хавфсизлигини таъминлаш ишида ўзининг муносиб ҳисса қўшган, барчалари ардоққа, ҳурматга сазовор. ДХХ раҳбарияти кексаларимизнинг ҳолидан мунтазам хабар олиб туради, моддий-маънавий ёрдам беради.
Биз фахрийлар ҳам ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фаоллик кўрсатиб келмоқдамиз. Кадрларни тайёрлаш муассасаларида учрашувлар ўтказамиз. Матбуот саҳифаларида хотираларимиз билан ўртоқлашмоқдамиз.
– Узоқ йиллар ДХХнинг тергов бошқармасини бошқаргансиз. Фурсатдан фойдаланиб, ўқувчиларимизга ўзингиз гувоҳи бўлган тарихий воқеалардан ҳам гапириб бера оласизми?
– Авваламбор, ДХХ тергов ишининг бошқа куч ишлатар тизимлардан фарқли жиҳатлари ҳақида гапириб беришим керак. Жиноятларни тергов қилиш, уларни судга чиқаришда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси асосида хизмат бажариши лозим бўлган бандлар бор.
Масалан, «Урушни тарғиб қилиш», «Агрессия», «Геноцид», «Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий, адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш», «Терроризм», «Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ва ҳаракатланиш», «Терроризмни молиялаштириш», «Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш», «Давлатга хоинлик қилиш», «Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш», «Жосуслик», «Қўпорувчилик», «Давлат сири ёки ҳарбий сир ҳисобланган ҳужжатларни йўқотиш», «Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш», «Чет эл валютасини яшириш», «Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш» ва бошқа бандлар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан бўладиган топшириқлар асосида оммавий тартибсизликлар, иқтисодий қўпорувчилик сингари жиноятларни очишда ҳам қатнашамиз.
Тергов ишидан мисол келтирадиган бўлсам, 1992 йилда анча шов-шувга сазовор бўлган жиноят иши тафсилотини айтиб бера қолай.
Ўша йилнинг 8 октябрь куни Термиз шаҳрида 30 тоннага яқин миқдорда Афғонистон Ислом Республикасидан транзит кириб келган. Қуритилган майиз жойлаштирилган қутилар божхона текширувидан ўтказилади. Ҳужжатларда кўрсатилишича, бу маҳсулот собиқ Иттифоқ давлатлари, Бельгия, АҚШдан ўтиб, Канадага етиб бориши керак бўлган.
Контейнерларни текшириш чоғида ҳақиқий майиз қутилари орасида ғишт шаклида тахланган наркотик модда – гашиш топилади. Жами 1305 қутида бир килограммли 13 тонна 50 килограмм гашиш моддаси қўлга туширилади.
Термиз божхонаси 12 октябрь куни Жиноят Кодексининг 69-моддаси («Контрабанда») асосида жиноят иш очади ва тергов ишларини давом эттириш учун ДХХга юборади. Ишни мен қабул қилиб олганман.
– 13 тоннадан зиёд наркотик моддани шунча давлатлар орқали олиб ўтиш учун қандай юрак керак?!
– Жиноятчилар ҳам анойилардан эмас эди. Ўзбекистон каби МДҲга аъзо бошқа давлатлар ҳам Мустақилликка эришганига эндигина бир йилгина бўлган. Уларнинг назарида чегараларни қўриқлашга унча аҳамият берилмаган, контрабанда маҳсулотларини ушлаб қолишга тажрибаси йўқ, деб ўйлашган. Европа ва АҚШ ҳақида эса салмоқли бир гап айтишим қийин.
Хуллас, жойига чиқиб, тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов эксперименти ҳамда воқеа гувоҳлари билан суҳбатлар ўтказилди.
Кимёвий экспертиза қўлга туширилган наркотик модданинг гашиш эканини тасдиқлаб берди.
Маҳсулотнинг экспедиция ҳужжатларида ёзилишича, юк «М.Юнус» томонидан «М.Юсуф»га етказиб берилиши кўзда тутилган, «майиз»ларнинг нархи 22400 АҚШ доллари этиб кўрсатилган. «Ashpan-forvarding end paking ko LTD» транспорт-экспедиторлик компанияси юкни манзилга етказиб беришни зиммасига олган.
ДХХ АҚШ Адлия вазирлиги ҳузуридаги наркобизнесга қарши курашиш халқаро ташкилоти билан алоқа ўрнатади. Америка томони «ноёб маҳсулот»га қизиқиш билдиради ва ушбу жиноий ишга алоқадор шахсларни ахтариб топиш ҳамда уларни жиноий жавобгарликка тортишга ваъда беради. «Майиз»нинг тақдири эса божхона қоидаларига яраша ҳал этилади.
– Охирги сўзингизни бироз изоҳлаб беришингизни илтимос қилмоқчи эдим.
– 1993 йилнинг ёзига келиб, бу жиноий иш бўйича дастлабки тергов ишлари тўхтатилади. 1994 йилда халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалар вакиллари иштирокида 13 тонна 50 килограмм гашиш ёқиб юборилади.
– Жиноятчиларнинг тақдири нима билан тугайди?
– 1998 йилда АҚШ «М.Юсуф»ва «М.Юнус»ларни қўлга олади. Сан-Франсиско шаҳрида бўладиган суд жараёнида менинг иштирок этишим режалаштирилган эди. Айрим мулоҳазаларга кўра, мен Америкага боролмаганман.
– Сизнинг АҚШга бормаслигингизга нима сабаб бўлган бўлиши мумкин?
– Бугун биринчи марта шахсий мулоҳазамни айтишимга тўғри келади шекилли. Америка томони биздан қўлга туширилган 13050 килограмм «майиз»ни беришни сўрайди. Табиийки, биз рад жавобини берганмиз. Чунки у биз учун жисмоний далил эди...
– Нафақада бўлсангиз ҳам тергов оламида бўлаётган воқеалардан хабардор бўласиз. Ўтган 30 йил давомида божхоначиларимиз томонидан бунақа йирик миқдорда наркотик моддаси қўлга туширилдими?
– Божхона хизмати бўладими, ДХХ томониданми қўлга туширилган наркотик моддалар тўғрисида оператив маълумотлар оммавий ахборот воситаларида кенг тарқатилади. Кузатишларимдан маълум бўлишича, ҳали бундай йирик миқдорда тақиқланган моддалар қўлга киритилмаган. Дарвоқе, америкаликлар 1992 йилги Термиз воқеасини «Гиннесс рекордлари китоби»га киритиш тўғрисида тақдимнома киритишга ваъда берган эди. Афсуски, бу қуруқ гап бўлиб қолиб кетган.
Наркотик моддалар билан боғлиқ яна бир мисол ёдимга тушди. Хабарингиз бордир, илгари Москва-Душанбе поезди Термиз шаҳри орқали ўтар эди. Ўша замонларда бу поезднинг вагон-ресторанида буфетда сотувчи бўлиб ишлаган У.Тешимов поезд Термиз шаҳрига келиб тўхтаган пайтда «Сигарета чекиб келаман», деб ҳамкасбларини алдаб, вагондан тушади. Туша солиб, аввалдан режалаб қўйган маршрути билан Амударё соҳилига қочади. Дарёдан кечиб ўтаётганида сигнализация ишлаб қолади. Чегарачиларимизнинг ҳаракати билан жиноятчи қўлга олинади. Тергов пайтида Москвада яшовчи бу йигит Афғонистонга ўтиб кетмоқчи бўлганини яшириб ўтирмайди.
– Эркин ака, куни кеча муборак 80 ёшга кирдингиз. Муборакбод этаман!
– Табрик учун ташаккур, миннатдорман. Ўқувчиларимизда бизни фақат жиноятчиларни қувлаб юрган экан, деган тасаввур қолмасин. Тергов бошқармасида асосан ҳуқуқшунослар хизмат қилишади. Мамлакатимизнинг қонун ижодкорлиги ишига ҳам жалб қилиб туришади. Кўплаб қонун лойиҳалари ишлаб чиқишда қатнашганмиз. Хусусан ўзим Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодекси лойиҳасини яратишда қатнашганман. Бу қонунчилик актларида хизматимизга доир таклифларим инобатга олинган ва улар кодексларда ўз аксини топган. Мен бундан фахрланаман.
– Мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдираман, саломат бўлинг.
Аброр ҒУЛОМОВ,
халқаро шарҳловчи