Регбичиларимиз ҳам навбатдаги Олимпиадага йўл олмоқчи
Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари Ўзбекистон регби федерациясининг Олимпия даври учун режалари билан танишди.
Расмийлар ўрганиш ишлари давомида асосан жамоавий спорт турларига алоҳида аҳамият қаратмоқда. Жумладан, терма жамоаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, хорижлик мутахассисларни жалб этиш, селекция ишларига аҳамият қаратиш орқали натижадорликни ошириш муҳим йўналиш сифатида белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, мамлакат регби федерацияси раиси Содиқ Сафоев Тошкент вилояти ёки пойтахтимиз ҳудудида терма жамоа йиғинлари учун муқим базани белгилаб олиш таклифини илгари сурди.

Суҳбатда федерация мутасаддилари регби-7 бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг "Лос-Анжелес-2028" ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олиш имкониятларини юқори баҳолади.
Тақдимотда бунинг учун тузиб чиқилган режа ҳақида батафсил маълумот берилди. Узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, терма жамоанинг халқаро мусобақалардаги иштирокини таъминлаш, фармакология йўналишига эътибор қаратиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида федерация мутасаддиларининг мавзу юзасидан фикрлари ўрганилиб, Ўзбекистон делегациясини бўлажак Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш бўйича ишлаб чиқиладиган Президент қарори лойиҳаси учун таклифлар белгилаб олинди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА