Референдумда имконияти чекланган фуқаролар ҳам фаол иштирок этмоқда
Мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий тадбир – “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум бўлиб бўлиб ўтмоқда. Унда имконияти чекланган фуқаролар ҳам фаол иштирок этиб, ўз конституциявий ҳуқуқдан фойдаланмоқда. Референдум участкаларида улар учун барча шароит яратилган.
– Тақдир экан, ёшлигимда оғир дардга чалиниб, кўз нуримдан айрилиб қолдим, – дейди Дилноза Бўриева. – Улғайганим сари бу дарднинг қанчалик оғир эканини англаб бордим. Ота-онам, яқинларимнинг кўмаги билан Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таҳсил олдим. Бугун Ўзбекистон Миллий университетида ўқияпман.
Бугун кайфиятимдаги тушкунлик ўрнини кўплаб юксак марраларга эришиш каби орзулар эгаллаб улгурган. Ота-онамдан узоқда, пойтахтда таҳсил олишим мен учун ноқулайлик туғдирмади. Атрофимда мени қўллаб-қувватловчи дўстларим бор. Имкониятимиз чекланган бўлсада, бизнинг ўқишимиз, ишлашимиз учун барча имкониятлар яратиб қўйилган. Бугун ўз ҳудудимдаги референдум участкасига келиб, ўзим ва мен сингари ёшларнинг тақдири, чиройли келажаги учун овоз бердим.
Референдумда барча тоифадаги фуқаролар ўз ҳуқуқларидан эмин-эркин фойдаланиши учун шароитлар яратилган. Хусусан, референдумда овоз бериш бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафарет намунаси ва тавсифи мавжуд. Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи овоз берувчи фуқаролар референдум бюллетенида ўз хоҳиш-иродасини мустақил ифода эта олишлари учун ҳар бир референдум участкаси трафарет билан таъминланган.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА