Референдум: фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириш имконияти
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизда энг олий юридик кучга эга бўлган ҳужжат ҳисобланади. Ундаги норма ва қоидалар асосида ва ижросини таъминлаш мақсадида бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинади.
Кейинги вақтларда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган катта ислоҳотлар, халқ манфаати учун қабул қилинаётган ҳужжатлар, Янги Ўзбекистонни барпо этишдек олий мақсад сари қўйилган қадамлар албатта Асосий қонунимизни янгилаш зарурлигини тақозо этади. Президентимиз Конституциямизни қайта ишлаб чиқишда бевосита халқнинг таклифлари, истак-хоҳишларини эътиборга олиш, қонун лойиҳаси референдумга қўйиш орқали қабул қилинишини билдирган эди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Конституция лойиҳасини тайёрлашда халқимизнинг фикри, таклифлари 2 босқичда ўрганилди. Биринчи босқичда Конституция лойиҳасини шакллантириш учун фуқароларимиз 60 мингдан зиёд таклиф берди. Иккинчи босқичда Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари орқали лойиҳа билан 5 миллион аҳоли танишиб, 150 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳаза айтилди. Шу билан бирга, меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам яна қарийб 10 мингта қўшимча таклиф тушди. Айни пайтда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлатлар тажрибаси ўрганилди, лойиҳа 6 турдаги экспертизадан ўтказилди.
Хўш Конституция лойиҳасида қандай ўзгаришлар жой олмоқда?
Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга халқимиз таклифлари асосида янгиланди. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилмоқда.
Конституция лойиҳасига кўра, Конституция муқаддимасидан то охирги моддалардаги нормалар инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг манфаатлари устунлигини таъминлашга хизмат қилади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади ва кафолатланади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.
Энг аҳамиятлиси, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгиланмоқда. Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас.
Фуқароларнинг асосий ҳуқуқларидан бири бу меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳисобланади. Конституция лойиҳасида меҳнат муносабатларига доир бир қатор янги моддалар киритилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга эканлиги, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши, фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши белгиланмоқда.
Шунингдек болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланмоқда. Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлади. Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини ошириш, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди.
Шунингдек Конституцияда илк бор ёшлар сиёсатини амалга оширишда давлатнинг асосий вазифалари ҳам мустаҳкамланмоқда.
Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради, деган норманинг киритилиши ушбу худудда яшовчи ҳар биримизга катта қувонч бағишлайди. Чунки бу норманинг Конституцияда белгиланиши худудга бўлган эътибор ва минтақани ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларнинг узвий давом этишини англатади.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумга қўйиш орқали қабул қилиниши белгиланган. Мамлакатимизда референдумни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида” ги қонун билан тартибга солинади.
Референдум фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.
Референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш референдумга ўн кун қолганида бошланади ва референдумга уч кун қолганида тугалланади.
Агар овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, қарор референдумда қабул қилинган деб топилади.
Насиба Қутлимуратова,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси филиали бош инспектори.
ЎзА