Лондондаги «Уэмбли» стадионида Европа чемпионлар лигасининг сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида Мадрид шаҳрининг «Реал» жамоаси Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши майдонга тушди. Шубҳасизки, ушбу ўйинни миллиардлаб футбол мухлислари кузатди.
Аввало, Чемпионлар лигаси доирасидаги бу икки жамоанинг ўзаро ўйинлар тарихига ва финал босқичига қадар қайд этган натижаларига назар ташласак:
«Реал» ва «Боруссия» клубларининг ўзаро 14 маротаба «ЧЛ» доирасида ўйин ўтказган ва уларда Мадрид шаҳри жамоаси 6 маротаба ғалаба қозонган ва 3 марта мағлуб бўлган. Қолган 5 ўйин дуранг билан ўз якунига етган.
Ушбу клублар ўртасидаги илк ўйин 1998 йили Чемпионлар лигасининг ярим финалида бўлиб ўтган ва унда «Реал» 2:0 ҳисобида зафар қучган. Сўнгги ўйин 2017 йилнинг декабрь ойида мазкур мусобақанинг гуруҳ босқичида ўтказилган. Унда «Қироллик» клуби 3:2 ҳисобида ғалабани илиб кетган.
Энди эса 2023/2024 йилги Чемпионлар лигасида мазкур клублар босиб ўтган йўл ҳақида тўхталиб ўтамиз.
«Реал» мусобақанинг дастлабки босқичида «С» гуруҳида «Наполи», «Брага» ва «Унион» жамоалари билан рақобатлашди ва 6 ўйинда юз фоизлик натижа, 18 очко жамғариб нимчорак финалга йўл олди. Сўнгра, 1/8 финалда «Рп Лейпсиг»ни, чорак финалда «Манчестер Сити»ни ва ярим финалда «Бавария»ни таслим қилган ҳолда финал йўлланмасини қўлга киритди.
«Боруссия» эса «F» гуруҳида «ПСЖ», «Милан» ва «Нюкасл» каби кучли клублар билан ўйин ўтказиб, 3 та ғалаба, икки дуранг ва бир мағлубият билан 11 очко тўплади ҳамда «ўлим» гуруҳидан биринчи ўринни эгаллади. Дортмунд шаҳри жамоаси плей-оффда «ПСВ»ни, 1/4 финалида «Атлетико Мадрид»ни, 1/2 финал босқичида эса «ПСЖ»ни доғда қолдириб сўнгги босқичга чиқди.
Лондон шаҳрида ўтказилган финалда «Реал» Чемпионлар лигасининг 15-совринига эга чиқиш учун ўйнайди. «Боруссия» эса мазкур совринни иккинчи бора ўз уйига олиб кетишга ҳаракат қилди.
Бу жамоалар ўртасидаги финалнинг биринчи бўлимида «Боруссия» бир қатор хавфли ҳужумлар уюштирди. Ушбу вазиятларни «Реал» дарвозабони Тибо Куртуа ва ҳимоячи Дани Карвахал йўққа чиқарган бўлса, битта ҳолатда Мадрид жамоасини дарвоза устуни қутқариб қолди. Гарчи «Боруссия» ҳужумда фаол бўлса-да, аммо ҳисобни оча олмади ва илк тайм 0:0 ҳисобида ўз якунига етди.
Иккинчи бўлим аввалида Тони Кроос рақиб дарвозаси томон белгиланган жарима тўпини чиройли тарзда бажарди, бироқ «Боруссия» посбони Грегор Кобел қайтариб юборди. Бўлимнинг 74-дақиқасида Тони Кросс бурчак тўпини амалга оширди. Дани Карвахал эса бу вазиятдан унумли фойдаланиб, топни боши билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Бу голдан ноқулай вазиятга тушиб қолган «Боруссия» ўйин тизгини қўлдан бой берди. Бунинг самарасида «Реал» ҳужумга янада зўр берди. Баҳснинг 83-дақиқасида Беллингем ҳимоячилар хатосидан унумли фойдаланди ва Винициусга қулай тарзда тўпни узатди ва маҳоратли ҳужумчи бу ҳолатни голга айлантириб, ҳисобни иккитага ошириб қўйди.
Шу тариқа, «Реал» 2:0 ҳисобида зафар қучди ва Европа чемпионлар лигасининг 15 карра ғолибига айланди ва мусобақа регламентига кўра, мусобақа махсус кубогининг асл нусхасини Мадридга олиб кетадиган бўлди.
Дарвоқе, биринчи голга ассистентлик қилган Тони Кроос «Реал Мадрид» сафидаги сўнгги ўйинини ўтказди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА