Тошкент давлат шарқшунослик университетида ҳинд киносининг афсонаси, таниқли режиссёр ва актёр Раж Капур таваллудининг 100 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, Раж Капурнинг оила аъзолари, “Aли бобо ва қирқ қароқчи” фильми режиссёри Умеш Меҳра, Раж Капурга бир неча йил давомида таржимонлик қилган ўзбек профессори, филология ва тарих фанлари доктори, “Мен Раж Капурман” китобининг муаллифи Нажмиддин Низомиддинов, таниқли ҳиндшунос Aҳмаджон Қосимов, университетнинг шарқшунос олимлари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Маърузачилар Раж Капурнинг ижоди, унинг ҳинд киноси ва жаҳон маданиятидаги ўрни, шунингдек, ўзбек-ҳинд маданий алоқаларини мустаҳкамлашдаги роли ҳақида сўз юритди. Анжуман доирасида Раж Капурнинг кино санъатига қўшган улкан ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Тадбир иштирокчилари томонидан Раж Капур ижоди халқлар дўстлиги ва маданий меросни бойитишда муҳим омил сифатида қайд этилди.
Маҳфуза Ортиқова, ЎзA