Мамлакатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида Сирдарё вилоятида ҳам бир қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Сирдарё вилояти ички хўжалик йўлларини таъмирлаш учун жорий йилда жами 52 миллиард 479 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, қарорга асосан таъмирталаб кўчалар рўйхати шакллантирилиб, манзилли дастур тасдиқланган.
Дастурга асосан жами 115,8 километр ички йўллар таъмирланиши белгиланган. Белгиланган тартибда танлов асосида лойиҳачи ташкилотлар танлаб олиниб, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди ҳамда мазкур лойиҳа-смета ҳужжатлари учун экспертиза хулосалари олинган.
Объектларни таъмирлаш учун “Шаффоф” платформаси орқали тендер асосида пудратчи ташкилотлар аниқланиб, белгиланган тартибда пудрат шартномалари расмийлаштирилди.
Ажратилган маблағлар ҳисобидан 10 туман ва шаҳарнинг жами 115,8 километр ички йўллари таъмирланди.
Айниқса, бу кўрсаткич Гулистон туманида 43,6 километрни, Мирзаобод туманида 12,3 километрни, Гулистон шаҳрида 13,1 километрни, Мирзаобод туманида эса 12,3 километрни ташкил этди.
– Бугунги кунга келиб пудратчи ташкилотлар томонидан 115,8 километр ички хўжалик йўлларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган, – дейди вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Зафар Умарқулов. – Бундан ташқари, тендер натижалари ва қурилиш ишлари мобайнида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан қўшимча 5,8 километр ички йўлларни таъмирлаш бўйича манзилли дастур шакллантирилди ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири