Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, таниқли рассом Қудратилла Ажиметовнинг “Юлдузларга илк қўйилган нарвон” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда ижодкорнинг 100 га яқин рангтасвир асарлари намойиш этилди.
Қудратилла Ажиметов 1955 йилда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. 1972 йилда Туркистондаги ўрта мактабни битириб, 1988 йил А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтини тамомлаган. Рассом узоқ йиллар раҳбар лавозимида ишлаш билан бирга, ижодий изланишларини ҳам фаол олиб борган.
[gallery-23082]
Тадбирда қайд этилганидек, ижодкорнинг полотноларидаги ранглар картинадаги воқелик ҳақида сўзлаб туради. Асарларининг композицион ва ранглар ечими бир-бирига мувофиқ ва уйғун.
Уларда рассом кўпинча табиат билан суҳбатини талқин этади-ки, ижодкорнинг табиатни ич-ичидан ҳис қилиши сезилиб туради. Манзараларини кузатганингизда улардаги ҳолат, макон ва замон рассомни ўзига жалб қилганини кўришингиз мумкин.
Биргина дарахтнинг ҳолати ёки туннинг зулматига жавобан рассом ўзининг ички кечинмаларини, айни сониядаги муносабатларини баён этади. Ҳолатлар, ҳаракатлар, ранглар, чизиқлар ва шаклларда рассомнинг кучли лирик ва ҳиссий дунёқараши гавдаланади. Ҳар бир картинада ижодкорнинг нафаси, нигоҳи, шуури иштирок этади.
Рассом ижодига хос яна бир жиҳат шаклларнинг маҳобатлилигида, кичик ҳажмдаги картинада йирик ҳажмларни бера олишидадир.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА