Рассом ижодида ота хотираси
Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров истеъдодли хонанда бўлиши билан бирга, тасвирий санъат, адабиёт, композиторлик каби йўналишларда ҳам самарали ижод қилган санъаткор эди.
Мусаввирликка муҳаббат унинг фарзанди Баҳодир Зокиров фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланади.
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида ташкил этилган бадиий кўргазмада бу жиҳатларга яна бир карра ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига бағишлаб санъаткорнинг ўғли – Баҳодир Зокировнинг “Отам хотирасига” номли шахсий кўргазмаси бошланди.
Баҳодир Зокиров 1965 йил 2 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Санъаткорлар оиласида дунёга келган Баҳодирнинг болаликдан мусиқа ва тасвирий санъатга меҳри баланд эди. Бобоси – Ўзбекистон халқ артистлари Карим Зокиров ва бувиси – таниқли санъаткор Шоиста Саидова, ота-онаси – Ўзбекистон халқ артистлари Ботир Зокиров ва Эркли Маликбоева хонадонида камолга етган Баҳодирнинг бошқа соҳа вакили бўлиши ҳам мумкин эмасди аслида. У яхшигина композитор, шоир ва режиссёр бўлиб етишди. 1988 йили Тошкент давлат университетининг «Шарқшунослик» факультетини тугатди.
Баҳодир Зокиров истеъдоди боис 1973 йилдан бошлаб кино санъатида иш бошлади. Шу кунгача 40 дан ортиқ фильмларга қўшиқ ва мусиқалар басталади. Б.Зокиров кўплаб қўшиқлар матни муаллифидир.
Баҳодир ака тасвирий санъат соҳасида ҳам ўз услуби ва ижод йўлига эга бўлган ижодкор саналади. Рассомнинг “Сенинг севгинг” номли биринчи шахсий кўргазмаси 2015 йили Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида бўлиб ўтган эди. Ўтган йиллар давомида Баҳодир Зокиров янги асарлар яратди. Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига бағишланган ушбу кўргазмасини “Отам хотирасига”, деб номлади.
Кўргазмадан ўрин олган 50 га яқин асарлар рассомнинг руҳияти, орзу ҳавасу, иштиёқини акс эттиради. Унинг чин инсоний туйғулар, теран фалсафий ғояларга бой асарлари томошабинни мушоҳадага ундаши билан аҳамиятлидир. Унинг кейинги йилларда ишланган «Боғ», «Анорлар», «Хотира», «Атиргул», «Варрак», «Рақс» каби асарларида инсон ва табиатнинг уйғунлиги акс этган.
Н.Усмонова, ЎзА