Бутун дунёда тадбиркорлик муносабатларида рақобат зарурий шарт ҳисобланади. Гап меҳнат муносабатлари ҳақида кетганда эса, бизнес субъектлари рақобатлашмаслик ҳақидаги қоидаларга рози бўлади.

Рақобатлашмаслик ходимнинг меҳнат муносабатлари давом этаётган вақтда ёки меҳнат муносабатларини тугатиш вақтида ёки ундан кейин иш берувчи билан рақобат муносабатида бўлган ташкилотга ишга жойлашмаслик, шунингдек, рақобатлашадиган ташкилот ташкил этмаслик мажбуриятини англатади.  

Рақобатлашмаслик (нон-компит - non сompete) келишув тузиш орқали амалга оширилади. Рақобатлашмаслик ҳақидаги келишув (Non-сompete аgreement) – бу тарафлардан бири иккинчиси билан ҳамкорлик қилиши оқибатида эгаллаган муайян билим ва кўникмалар воситасида рақобатлашишга қаратилган ҳаракатлардан ўзини тийиши лозимлиги ҳақидаги келишувдир.  

Айтайлик, сиз Beeline компаниясида ишласангиз UMS компаниясига ёки Coca-cola дан Pepsi-cola’га ишга ўтишда ёхуд ҳар қандай бошқа рақобатлашувчи компанияга ишга ўтишингизга чеклов киритилади.  

Агар ушбу чекловни бузсангиз, унда тегишли жавобгарликка (етказилган зарарни тўлашга) тайёр бўлишингиз керак. Таъкидлаш лозимки, гап бу ерда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ рақобатлашмаслик ҳақида кетмоқда.  

Бироқ, ҳозирча миллий қонунчилигимизга кўра, рақобатлашмаслик ҳақидаги келишувни тузиш мумкинлиги сўроқ остидалигини айтиб ўтиш лозим. Чунки меҳнат шартномаси муайян хусусиятларга эга бўлган ва меҳнат қонунчилигини қўлловчи шартнома бўлиб, унда ҳар қандай келишувларни белгилаш мумкин эмас. Айниқса бу меҳнат билан бевосита боғлиқ бўлмаганда жуда мушкул. 

Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда эса бизнес субъектлар ёки юридик шахслар ўртасида рақобатлашмаслик ҳақидаги келишувни бемалол тузиш мумкин ва улар фуқаролик ҳуқуқида номланмаган шартномалар гуруҳига киради.  

Бозор иқтисоди ривожланган давлатларда иш берувчининг ишлаб чиқариш ва тижорат сирларини муҳофаза қилиш, соғлом рақобат муҳитини таъминлашда ушбу келишувга алоҳида аҳамият берилади. Ғарбий Европа (Бельгия, Германия, Франция, Испания, Италия) ва Шарқий Европа давлатлари (Грузия, Чехия, Руминия) меҳнат қонунчилигида рақобатлашмаслик ҳақида келишув тушунчаси мавжуд.  

Хусусан, Cобиқ Иттифоқ давлатларида рақобатлашмаслик ҳақидаги келишув янги таҳрирда қабул қилинган Қозоғистон Республикаси Меҳнат кодексининг (2016-йил) 29-моддасида, Литва Меҳнат кодексининг (2017-йил) 38-моддасида ўз аксини топди. 

Ўзбекистонда рақобатлашмаслик ҳақидаги келишув қонунлар ёки  қонун ости ҳужжатлар билан тартибга солинмаган. Бироқ, Меҳнат кодекси, “Тижорат сири тўғрисида”ги қонун, Ходимлари тижорат сиридан фойдаланадиган корхоналар ва ташкилотлар учун тижорат сири режимига риоя этилиши бўйича Намунавий низом билан иш берувчининг тижорат сирларини ходимлар томонидан муҳофаза қилиш бўйича қоидалар мавжуд.   

Хусусан, Меҳнат кодексининг 202-моддасида тижорат сири ошкор этилганда ходимга тўлиқ моддий жавобгарлик юклатилади. Одатда бундай ҳолларда ходим билан меҳнат шартномасига қўшимча равишда тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилади.  

Мазкур механизм ходимга тижорат сирларини ошкор қилмаслик мажбуриятини юклайди ва аммо бу ходимнинг рақобатлашувчи компанияга ишга ўтишига тўсқинлик қилмайди. Бундан ташқари, ходимнинг тижорат сирини ошкор қилмаслик ҳақидаги мажбуриятлари меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўз кучини йўқотади. Бундай тартиб эркин рақобат шароитида иш берувчиларнинг манфаатларини кучсиз ҳимоя қилади.  

Шу сабабли бугун бутун дунё амалиётида қўлланиб келинаётган рақобатлашмаслик ҳақидаги келишувни Ўзбекистон меҳнат қонунчилигига киритишни ўйлаб кўриш вақти келган.  

Фақат бу ерда битта катта муаммо мавжудлигини эътироф этиш керак. Бу ҳам бўлса шахснинг эркин меҳнат қилиш ҳуқуқига рақобатлашмаслик ҳақидаги келишув қоидаларнинг зид келишидир. Бироқ, бу масала бўйича ҳам турли қарашлар амал қилади. Шулардан бири рақобатлашмаслик ҳақидаги келишув шахснинг меҳнат ҳуқуқларини тўлиқ чеклаш эмаслиги, аксинча муайян салбий оқибатлар келиб чиқиши мумкин бўлган тақдирда  бунга йўл қўйилиши ҳақидаги қарашлардир.  

Бундан ташқари мазкур келишувга мувофиқ ходим муайян вақт давомида рақобатчи компанияга ишга кирмаган тақдирда иш берувчидан ҳақ олиши мумкин. Мазкур амалиёт ҳозирда кўплаб давлатларда амал қилиб келмоқда.  

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, айни пайтда Ўзбекистон меҳнат қонунчилиги нон-компит (non сompete)га йўл қўймайди. Рақобатлашмаслик ҳақидаги қоидаларнинг меҳнат шартномасига киритилиши ёки илова қилиниши ходимларнинг ҳуқуқларини қонунлар ва шартномаларга нисбатан ёмонлаштириш, деб ҳисобланади.  

Аммо бундай қарашлар замонавий дунё учун аллақачон эскирган. Шу сабабли бу борадаги илғор тажрибадан фойдаланиш мақсадида рақобатлашмаслик ҳақидаги келишувга оид нормаларни янги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг “Меҳнат шартномаси” бобига киритиш таклиф этилади. 

Шуҳрат Исмоилов, 
ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси мудири, ю.ф.д.  
ЎзА 
 
Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақобатлашмаслик ҳақида келишув тузиш қандай аҳамиятга эга?