Президент ташрифидан сўнг...
Мамлакатимизда ахборот технологиялари субъектлари учун яратилган шароитлар ва имтиёзлар натижасида иш ўринлари сони, хизматлар экспорти ортиб бормоқда. Давлат бошқаруви ва соҳаларни рақамлаштириш, алоқа инфратузилмасини яхшилаш, IT таълимини ривожлантириш давр талабига айланди. Шу билан бирга соҳада хизматлар ҳажми ва экспортни ошириш ҳам муҳим вазифалардандир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилишнинг асосий йўналишларига эътибор қаратилган. Шунга кўра республикамиздаги барча вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўз фаолиятини рақамлаштириш ҳамда замонавий технологияларни жорий қилиши белгилаб берилган.
Давлатимиз раҳбари 2025 йил 16 декабрь куни пойтахтимиздаги “Юнусобод галереяси” йирик савдо, хизмат кўрсатиш ва бизнес марказида жойлашган Unicon Soft IT компанияси тақдимоти билан танишган эди.
– Компаниямиз 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунга қадар республика бўйлаб 70 дан ортиқ дастурий тизимларни тақдим этган, – дейди Unicon Soft компанияси бош директори ўринбосари Фаррух Саидмуродов. – Жумладан, ijro.gov.uz, унинг негизида эса edо.ijro.uz каби электрон ҳужжат алмашиш тизимлари яратилди. Бугунги кунда компаниямизда бир ярим мингдан зиёд ходим фаолият юритади, шундан 80 фоизи ёшлардан иборат.
Unicon Soft республикамизнинг барча – 14 та ҳудуди ва 208 та туман (шаҳар)ларида ахборот тизимларини техник қўллаб-қувватлаш ва жорий қилиш бўйича филиаллари мавжуд бўлган ягона IT компаниядир.
Эндиликда Unicon Soft томонидан рақамлаштириш йўналишида дастурий ва техника воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, божхона фаолиятини рақамлаштириш ҳамда рақамли маҳалла платформасини жорий қилиш режалаштирилган.
Видеоси қуйида...
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/XccBydsgC_Q?si=4M3nah0482Qznjti" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА